Президент трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича янги қарорни имзолади
Жамият
−
20 Май 2019
4706Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 20 май куни "Республика ҳудудларида тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади. Мазкур қарорнинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори
Кейинги йилларда республикада тўқимачилик ва тикув-трикотаж мажмуаларини ташкил этиш, юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш, ички ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ҳажми ва турларини кенгайтириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналари ўртасида бозор муносабатларини шакллантириш, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг замонавий кластер шаклларини жорий қилиш, юқори қўшилган қийматли рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва аҳоли бандлигини ошириш бўйича изчил чоралар кўрилмоқда.
Шу билан бирга, қишлоқ жойларда, маҳаллаларда ва республикамизнинг олис ҳудудларида ишга муҳтож аҳоли, айниқса аёллар бандлигини таъминлаш, уларнинг турмуш шароитлари ва даромадларини оширишга қаратилган тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш зарур.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган 5 та ташаббус доирасида тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватларини яратиш орқали қўшимча янги иш ўринларини ташкил этиш, “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти (кейинги ўринларда –“Ўзпахтасаноат” АЖ деб юритилади) фаолиятини диверсификация қилиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, “Ўзпахтасаноат” АЖ ва “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасининг:
республика ҳудудларида “Ўзпахтасаноат” АЖ ва унинг тизимига кирувчи корхоналар иштирокида енгил конструкцияли қурилиш материалларидан қуриладиган ёки бўш турган бино ва иншоотлар негизида ташкил этиладиган тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган мажмуаларни (кейинги ўринларда – мажмуа) яратиш;
мажмуалар фойдаланишга қабул қилинганидан сўнг уларни “Ўзпахтасаноат” АЖ томонидан “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасига аъзо бўлган корхоналарга ёки тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган бошқа тадбиркорлик субъектларига 5 йил муддатга, 10 фоиздан ортиқ бўлмаган ставкада лизинг асосида ёки сотиб олиш шарти билан ижарага бериш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин.
2. 2019–2021 йилларда республика ҳудудларида енгил конструкцияли қурилиш материалларидан қуриладиган ёки бўш турган бино ва иншоотлар негизида ташкил этиладиган тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган мажмуаларда амалга ошириладиган лойиҳаларнинг (кейинги ўринларда – лойиҳалар) асосий кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 мартдаги ПҚ–4227-сон “2019 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича давлат буюртмаси тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2019 йилда ижтимоий эҳтиёжманд аҳоли қатламларига мансуб шахсларни квоталанган энг кам сондан ортиқ миқдорда ишга қабул қилган ташкилотларга – ҳар бир ходим учун 12 ой давомида ҳар ойда энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида ҳақ тўлаш мақсадида Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан 5 590,5 миллион сўм субсидия ажратилиши назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
4. “Ўзпахтасаноат” АЖ “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси билан биргаликда лойиҳа ташкилотларини жалб қилган ҳолда бир ой муддатда илғор хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, инновацион технологияларга асосан, арзон ва мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган қурилиш материалларидан фойдаланган ҳолда мажмуаларни ташкил этиш бўйича якка тартибдаги намунавий лойиҳаларни ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқланишини таъминласин.
Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатларининг ваколатли органларда экспертизадан ўтказилишини ҳамда қурилиш-монтаж ишларининг бажарилишида шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига сўзсиз риоя этилиши юзасидан назоратни таъминласин.
5. “Ўзпахтасаноат” АЖ таркибига кирувчи тикув-трикотаж корхоналарига лойиҳаларни амалга ошириш доирасида истисно тариқасида:
лойиҳалаш ва қурилиш-монтаж ишларини ҳамда импорт қилинадиган технологик асбоб-ускуналарни харид қилиш учун тўғридан-тўғри шартномалар тузишга;
ташкил этиладиган тикув-трикотаж мажмуаларини қисқа муддатларда ишга туширилишини таъминлаш мақсадида, лойиҳа ва пудратчи ташкилотларни тендер (конкурс) савдоларини ўтказмасдан, энг яхши таклифларни танлаш ва молиялаштиришни лойиҳалаш билан параллел равишда амалга оширишга рухсат берилсин.
6. Қуйидагилар лойиҳаларни молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги ПҚ–4231-сон “Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг тижорат банкларига очган кредит линиялари маблағлари ҳисобидан 366 миллиард сўм;
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан 5 йил муддатга, 2 йиллик имтиёзли давр билан 6 фоиз миқдордаги фоиз ставкаси, шу жумладан тижорат банкининг 2 фоиз миқдордаги маржаси билан тижорат банкларида кредит линиясини очиш орқали ажратиладиган
50 миллиард сўм;
“Ўзпахтасаноат” АЖ ва унинг тизимидаги корхоналарнинг тақсимланмаган соф фойдаси ҳамда ўз маблағлари.
7. Ўзбекистон банклари Ассоцияси тижорат банклари билан ҳамкорликда мажмуаларда тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни айланма маблағлар билан таъминлаш учун қисқа муддатли кредитларни тақдим қилиш амалиётини кенгайтирсин.
8. Белгилансинки, 2019–2021 йилларда лойиҳаларни амалга оширишда ва фаолияти давомида тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредитлар бўйича фоизлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидаги тартибда қопланади:
тижорат банки томонидан айланма маблағларни тўлдириш учун берилган кредитлар бўйича белгиланган фоиз ставкасининг 25 фоизи миқдорида, лекин 5 фоизли пунктдан юқори бўлмаган ҳолда;
асбоб-ускуналарни сотиб олиш мақсадида тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар бўйича белгиланган фоиз ставкасининг 50 фоизи миқдорида.
9. Белгилаб қўйилсинки, 2022 йил 1 январгача “Ўзпахтасаноат” АЖ ва унинг тизимидаги корхоналар иштирокида лойиҳаларни амалга ошириш доирасида:
мавжуд тайёр тикув-трикотаж мажмуаларини лизинг асосида ёки сотиб олиш шарти билан ижарага бошқа тадбиркорлик субъектларига берилган кунга қадар фойда ва мол-мулк солиғидан;
республикада ишлаб чиқарилмайдиган технологик асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, қурилиш материалларини белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб киришда божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод этилсин.
Ишлаб чиқарилган хом ашё (пахта толасидан ташқари) ва ярим тайёр маҳсулотни тизим ичида сотиш солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.
Мажмуаларни лизинг асосида сотишда қўшилган қиймат солиғи уларнинг баланс қиймати ва сотиш нархи ўртасидаги ижобий фарқдан ҳисобланади.
10. Ушбу қарор асосида ташкил этиладиган мажмуаларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 декабрдаги ПФ–5285-сон “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони 9-бандининг иккинчи хатбошисида назарда тутилган божхона имтиёзлари татбиқ этилсин.
11. “Ўзпахтасаноат” АЖ таркибига кирувчи тикув-трикотаж корхоналарига, истисно тариқасида, биржа савдолари орқали пахта толасини, кейинчалик уни тўқимачилик корхоналарида ярим тайёр маҳсулотлар шаклида қайтариш асосида қайта ишлаш шарти билан, сотиб олиш ҳуқуқи берилсин.
12. 2019–2021 йилларда республика ҳудудларида енгил конструкцияли қурилиш материалларидан қуриладиган ёки бўш турган бино ва иншоотлар негизида ташкил этиладиган тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган мажмуалардаги лойиҳаларни амалга оширишда ҳар томонлама кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳи (кейинги ўринларда – Ишчи гуруҳ) таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Қуйидагилар Ишчи гуруҳ (А.Ж.Раматов)нинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
лойиҳаларни сифатли ва самарали амалга оширишга, уларни ижро этиш доирасида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштиришга ва ҳамкорлигини таъминлашга қаратилган ташкилий, ҳуқуқий ва бошқа чора-тадбирларни бажаришда ҳар томонлама кўмаклашиш;
лойиҳалар амалга оширилишини тизимли таҳлил қилиш, лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш, барча комплекс масалаларни ўз вақтида ва тезкорлик билан ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва амалий чоралар кўриш.
13. “Ўзпахтасаноат” АЖ:
“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда ҳудудларда лойиҳаларни жойлаштиришнинг аниқ манзилли рўйхатини шакллантирсин ва Ишчи гуруҳга тасдиқлаш учун киритсин;
ташкил этиладиган тикув-трикотаж мажмуаларини хом ашё билан узлуксиз таъминлаш ҳамда тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришда маҳаллийлаштириш даражасини ошириш мақсадида олти ой муддатда Тошкент вилояти Янгийўл туманида жойлашган собиқ пахта тозалаш корхонаси ҳамда Наманган шаҳрида жойлашган минтақавий пахта терминали негизида пахта толасини қайта ишлаш ва кейинчалик ундан юқори сифатли матолар ишлаб чиқаришни ташкил этсин.
14. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси мажмуаларни ташкил этиш учун муҳандислик-коммуникация тармоқлари мавжуд, биринчи навбатда, “Обод қишлоқ” дастурига киритилган аҳоли пунктларида ер майдонлари ажратилишини таъминласин.
15. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари “Ўзпахтасаноат” АЖ томонидан тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш учун, истисно тариқасида, фойдаланилмаётган ва бўш турган давлат объектларининг “ноль” қийматда берилишини таъминласин.
16. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, “Ўзпахтасаноат” АЖ ва “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда тўқимачилик ва тикув-трикотаж соҳасини малакали мутахассислар билан таъминлаш, жумладан енгил саноатга ихтисослашган касб-ҳунар коллежларида тўқимачилик ва тикув-трикотаж соҳаси бўйича кадрлар тайёрлайдиган ўқув курсларини ташкил этишни назарда тутувчи чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин.
17. “Ўзпахтасаноат” АЖ манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
18. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж.Раматов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти масалаҳатчисининг ўринбосари Г.К.Саидова зиммасига юклансин.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь