Президент метронинг “Туркистон” ва “Юнусобод” бекатларида бўлди (фоторепортаж)
Жамият
−
29 Август 2020
11278Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, меҳнат фахрийлари ҳамроҳлигида Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик билан танишмоқда. Янги транспорт объектлари, йўллар, корхоналар ишга туширилиши кутилмоқда.
Биринчи манзил Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналиши бўлди. Давлат раҳбари “Бодомзор” бекатидан янги “Туркистон” бекатигача поездда бориб, амалга оширилган ишларни кўздан кечирди.
“Бу йўл ҳамма нарсани тезлаштиради. Ҳаракатни ҳам, иқтисодиётни ҳам, ҳаётни ҳам”, деди Шавкат Мирзиёев.
Ушбу метро йўналишининг иккинчи босқичи қурилиши Президентнинг 2016 йил 7 ноябрдаги қарорига мувофиқ бошланган эди. Шавкат Мирзиёев бу ерга бир неча бор келиб, ишнинг бориши билан танишганди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 103,8 миллион доллар бўлиб, қарийб 3 километр метро йўли ҳамда “Юнусобод” ва “Туркистон” бекатлари барпо этилган.
Президент мазкур бунёдкорлик ишларининг тарихини ёдга олди.
“Бу йўлни қуриш осон бўлгани йўқ. Маблағ топиб, чет элдан мутахассислар олиб келиб, лойиҳани синчиклаб кўриб чиқдик. Икки йил давомида қурилиш бўлди. Энг муҳими, бу транспорт арзон, хавфсиз, қулай”, деди Президент.
Мутахассислар қурилиш жараёни ва сифати ҳақида маълумот берди. Йўлнинг 850 метр қисми ерости сув кўп жойга тўғри келган. Шунинг учун илгари буни амалга ошириш имкони бўлмаган. Янги лойиҳада Германия технологияси қўлланилиб, сувли жойдан темир-бетон тюбинг қўйиш орқали ўтилган.
Яна бир аҳамиятли томони, метрополитеннинг Юнусобод йўналиши тўлиқ бўлмагани учун рентабеллиги юқори эмасди. Бугунги кунда Юнусобод туманида 340 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Метро йўли узайтирилиб, янги бекатлар қурилгани одамларга катта қулайлик яратди.
Бу транспорт тармоғи иқтисодиёт ва экология жиҳатидан улкан аҳамиятга эга. Хусусан, мазкур икки бекат орқали кунига 7,5 минг йўловчига хизмат кўрсатилади. Натижада автобуслар йўналиши оптималлашиб, автомобиллар тирбандлиги камаяди. Йилига 5,3 минг тонна зарарли газ атмосферага чиқишининг олди олинади.
Умуман айтганда, Тошкент метрополитенидан кунига 240 минг йўловчи фойдаланади. Жами 21 километрдан иборат учта янги - Юнусобод, Сергели ва Қўйлиқ йўналишлари қурилиши натижасида яна 150 мингдан зиёд киши қамраб олиниши режалаштирилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь