Президент хизмат кўрсатувчиларга молиявий енгилликлар беришни таъкидлади

Жамият

image

Бугун, 11 август куни Президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятида ичимлик суви таъминотини яхшилаш ҳамда Тошкент шаҳрида хизматлар соҳасида янги иш ўринлари ташкил этишга доир лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Бугунги кунда Сурхондарё вилояти аҳолисининг 46 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланмаган. 218 та сув иншооти ва 3 минг километрдан зиёд тармоқлар таъмирга муҳтож. Вилоятнинг жанубий туманлари ва Термиз шаҳрида сув минерализацияси миқдори ошган.

Шу боис Президент 2 июнь куни Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида “Тўпаланг” сув омборидан ичимлик суви тармоғи тортиш бўйича кўрсатма берган эди. Шунга мувофиқ,  дастлабки лойиҳа ишлаб чиқилди.

Лойиҳага кўра, “Тўпаланг” сув омборининг қуйи қисмида босимни сўндириш, сувни тозалаш ва тарқатиш иншоотлари қурилади. У ердан туманлардаги сув тақсимлаш узелларигача жами 361 километр қувур тортилади. Бу тизим самарасида Сариосиё, Денов, Шўрчи, Қумқўроғон, Жарқўрғон, Бандихон, Қизириқ, Шеробод, Ангор, Музработ, Термиз туманлари ва Термиз шаҳридаги 1 миллион 700 минг аҳолининг сув таъминоти яхшиланади.

Лойиҳанинг умумий қиймати 138 миллион доллар бўлиши ҳисоб-китоб қилинган. Уни 2024 йилда ишга тушириш режалаштирилмоқда.

Давлат раҳбари лойиҳани маъқуллаб, уни босқичма-босқич амалга ошириш бўйича кўрсатма берди. Қурилиш ишларини “Обод қишлоқ” дастури билан уйғунлаштириш, сув таъминоти бўйича давлат-хусусий шерикчиликни йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади.

Сервис иқтисодиётда ҳам, ижтимоий ҳаётда ҳам катта аҳамиятга эга. Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 11 майдаги “Хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида бу соҳани иқтисодиётда муҳим драйверга айлантириш ва 2023 йилга қадар хизматлар ҳажмини икки бараварга ошириш мақсади белгиланган. Шунга мувофиқ, 2021-2023 йилларда хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича ҳудудий дастурларни тасдиқлаш вазифаси қўйилган.

Бу борада Тошкент шаҳрининг имкониятлари жуда катта. Хусусан, жорий йилнинг июнь-декабрь ойларида хизматлар соҳасида 415 мингта иш ўрни яратиш мўлжалланган. Бу режа янги тадбиркорлик субъектлари ва туну кун ишлайдиган савдо-кўнгилочар кўчалар ташкил этиш, ўзини ўзи банд қилиш, биринчи қават ва ертўлаларни ижарага бериш орқали амалга оширилади. Жумладан, июнь-июль ойларида 24 минг киши ўзини ўзи банд қилган, янги тадбиркорлик субъектларида 17 минг фуқаро ишли бўлган.

Президент бу тажрибани мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам татбиқ этиш бўйича топшириқ берди. Қонунчиликка ўзгартириш киритиб, хизмат кўрсатувчиларга молиявий енгилликлар бериш орқали улар фаолиятини расмийлаштириш муҳимлиги таъкидланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

50

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг