Президент Иброҳим Ғофуров вафоти муносабати билан таъзия билдирди

Жамият

image

Кеча, 6 июнь куни ёзувчи ва таржимон, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғофуров 89 ёшида вафот этганди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Иброҳим Ғофуровнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

“Заҳматкаш олим, атоқли адиб, ёшларнинг меҳрибон устози, самимий ва камтарин инсон Иброҳим Ғофуровнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади”, дейилади таъзия матнида.

Маълумот учун, Иброҳим Ғофуров – 1937 йил 27 декабрда Тошкентда ҳунарманд оиласида туғилган. Ўрта мактабни тугатгач, 1956–1961 йилларда САГУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг филология факультетида ўқиган. 1961–1982 йилларда Давлат бадиий адабиёт нашриётида кичик муҳаррир, таҳририят мудири, бош муҳаррир ўринбосари лавозимларида ишлаган. 2025 йил Огаҳий номидаги Халқаро бадиий таржимонлик танловида жаҳон насридан ўзбек тилига таржима йўналиши бўйича тақдирланган.

Мумтоз адабиёт, фольклор, адабий танқид, бадиий таржима, кўп томлик асарларнинг нашр этилишида муносиб ҳисса қўшган. 1982–1995 йилларда “Ўзбекистон адабиёт ва санъати” газетасида бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлаган. 1995 йилда “Миллий тикланиш” демократик партиясини ташкил этган. У мазкур партиянинг раиси (1996 йилдан), “Миллий тикланиш” газетасининг бош муҳаррири бўлган.

Иброҳим Ғофуров “Гўзалликнинг олмос қирралари” (1964), “Унутилмаган боғ” (1965), “Жозиба” (1970), “Ёнар сўз” (1973), “Ям-яшил дарахт” (1976), “Юрак-аланга” (1980), “Лириканинг юраги” (1982), “Шеърият – изланиш демак” (1984), “Ўттиз йил изҳори” (1987), “Дил эркинлиги” (1998) сингари адабий-танқидий, бадиий китоблар муаллифи. У “Дарвоза”, “Ҳумо қушим”, “Қалдирғочим” сингари шеърий насрлар ёхуд мансуралари билан эътибор қозонган. “Янги аср авлоди” нашриёти томонидан муаллифнинг 20 жилдлик асарларини нашр этиш режалаштирилиб, ҳозиргача 8 жилди чоп этилган.

Иброҳим Ғофуров жаҳон адабиётидан Мопассаннинг “Азизим” асари билан таржимонлик оламига кириб келган. Кейинчалик “Жиноят ва жазо”, “Телба”, “Қиморбоз”, “Ака-ука Карамазовлар”, “Иблислар”, “Айрилмас эр” (Ф. Достоевский), “Алвидо, қурол”, “Чол ва денгиз” (Э. Хемингуэй), “Қиёмат”, “Чингизхоннинг оқ булути” (Ч. Айтматов), “Ёнғин” (В. Распутин), “Бузрукнинг кузи” (Г. Г. Маркес) сингари асарларни ўзбек тилига таржима қилган. Энг машҳур таржимаси Жеймс Жойснинг “Улисс” шоҳ асаридир.

Иброҳим Ғофуров филология фанлари номзоди (1973), Ўзбекистон ёшлар иттифоқи мукофоти (1989) лауреати, “Дўстлик” ордени соҳиби (1995). 1996 йилдан у I ва II чақириқ Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати. Парламентда “Миллий тикланиш” фракцияси раҳбари, 2000 йилдан Олий Мажлис матбуот ва ахборот қўмитаси раиси ўринбосари бўлган. 2021 йилда “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев таъзия Иброҳим Ғофуров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг