Президент Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш бўйича фармонни имзолади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 19 февраль куни “Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ушбу фармоннинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг
фармони

Давлат мулки объектларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда хусусий мулк ва тадбиркорликни ривожлантириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида: 

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 октябрдаги “Давлат мулки объектларини ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тадбиркорлик субъектларига сотиш тартибини соддалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–5552-сон фармонига мувофиқ эксперимент тариқасида 444 та бўш турган давлат кўчмас мулк объекти 1 сўмга тенг қийматдаги бошланғич нарх бўйича электрон савдо майдончасида аукционга чиқарилиб, шундан 310 та объект 172 миллиард сўм инвестиция киритиш ҳамда 3 536 та янги иш ўрни яратиш шарти билан 11,2 миллиард сўмга сотилгани маълумот учун қабул қилинсин. 

2. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги, Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 октябрдаги “Давлат мулки объектларини ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тадбиркорлик субъектларига сотиш тартибини соддалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–5552-сон фармонида белгиланган давлат мулки объектларини сотиш тартибини соддалаштириш бўйича эксперимент ўтказиш муддатини 2020 йил 1 январга қадар узайтириш ҳақидаги таклифи маъқуллансин. 

3. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси қошидаги “Электрон онлайн-аукционларни ташкил қилиш маркази” давлат унитар корхонаси Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги тасарруфига ўтказилсин ва у мазкур Марказнинг таъсисчиси сифатида белгилансин. 

4. Белгилаб қўйилсинки: 

давлат мулки объектларини (акциялардан ташқари) сотиш бўйича савдолар “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида амалга оширилади; 

2019 йил 1 июлдан бошлаб давлат кўчмас мулк объектларини ижарага бериш бўйича савдолар “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончаси орқали амалга оширилади; 

давлат кўчмас мулк объектларини ижарага бериш учун электрон савдоларга чиқаришда улар бўйича ижара тўловининг энг кам ставкаси объектни балансда сақловчилар томонидан ижарага бериш мақсадида кўрсатилган фаолият туридан келиб чиққан ҳолда кўрсатилади; 

“E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасига 1 сўмга тенг қийматдаги бошланғич нарх бўйича қўйилган давлат кўчмас мулк объектлари улар тўлиқ сотилмагунга қадар савдолардан олинмайди. 

5. Қуйидагилар: 

“E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида 1 сўмга тенг қийматдаги бошланғич нарх бўйича инвестиция мажбуриятларини қабул қилиш шарти билан сотиладиган давлат мулки объектлари рўйхати 1-иловага мувофиқ; 

белгиланган тартибда сотилиши лозим бўлган давлат мулки объектлари рўйхати 2-иловага мувофиқ; 

келгусида самарали фойдаланиш учун давлат органларига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилиши лозим бўлган давлат мулки объектлари рўйхати 3-иловага мувофиқ;

Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссияси (кейинги ўринларда – Давлат тендер комиссияси) таркиби 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари бир ой муддатда: 

мазкур Фармоннинг 1 ва 2-иловаларида кўрсатилган тегишли ер участкалари, бино ва иншоотларнинг кадастр ҳужжатлари тайёрланишини ҳамда уларга бўлган ҳуқуқларнинг қонунчиликда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини; 

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда мазкур Фармоннинг 3-иловасида кўрсатилган давлат мулки объектларини қабул қилиш-топшириш ишларини, шунингдек, улардан келгусида самарали фойдаланилишини таъминласин. 

7. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг: 

а) 2019 йил 1 мартдан шундай тартиб ўрнатилсинки, унда агар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ёхуд Давлат тендер комиссиясининг қарорлари билан бошқача тартиб ўрнатилмаган бўлса, давлат кўчмас мулк объектлари ва давлат улушлари учун сотиб олиш тўловларини тўлашда, савдолар ўтказилган санадаги белгиланган энг кам иш ҳақи (кейинги ўринда – ЭКИҲ) баравари миқдорида ҳисобланадиган сотиб олиш тўловлари миқдоридан келиб чиққан ҳолда, сотиб олиш тўловларини тўлашнинг қуйидагича белгиланган муддатларини жорий этиш: 

ЭКИҲнинг 3 000 бараваригача – олди-сотди шартномаси тузилган кундан бошлаб уч ойдан кўп бўлмаган муддатда; 

ЭКИҲнинг 3 000 бараваридан юқори, лекин ЭКИҲнинг 7 000 бараваридан кўп бўлмаганда – олди-сотди шартномаси тузилган кундан бошлаб олти ойдан кўп бўлмаган муддатда; 

ЭКИҲнинг 7 000 бараваридан юқори, лекин ЭКИҲнинг 15 000 бараваридан кўп бўлмаганда – олди-сотди шартномаси тузилган кундан бошлаб бир йилдан кўп бўлмаган муддатда; 

ЭКИҲнинг 15 000 бараваридан юқори, лекин ЭКИҲнинг 20 000 бараваридан кўп бўлмаганда – олди-сотди шартномаси тузилган кундан бошлаб икки йилдан кўп бўлмаган муддатда; 

ЭКИҲнинг 20 000 бараваридан юқори бўлганда – олди-сотди шартномаси тузилган кундан бошлаб уч йилдан кўп бўлмаган муддатда; 

б) “Кварц” АЖ устав капиталидаги 20 фоиз давлат акциялари пакетини босқичма-босқич фонд биржасида иккиламчи SPO ўтказиш орқали, дастлаб 2019 йилнинг июнь ойида акциялар пакетининг 5 фоизини сотувга чиқарган ҳолда савдога қўйиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин. 

8. Давлат тендер комиссиясига, истисно тариқасида, хўжалик жамиятлари устав капиталидаги давлат акциялари (улушлари) пакетларини олди-сотди шартномаларини қимматли қоғозлар савдолари ташкилотчиларининг савдо майдончаларидан ташқарисида рўйхатдан ўтказган ҳолда танлов ўтказиш ва тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориш орқали сотишга рухсат берилсин. 

9. Белгилаб қўйилсинки: 

1 сўмга тенг қийматдаги бошланғич нарх бўйича “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида сотилган давлат мулк объектларига доир инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни қабул қилиш харидор томонидан ўз зиммасига олинган маҳсулот (хизматлар) ишлаб чиқаришнинг бошланиши ва янги иш ўринлари яратилишини назарда тутувчи мажбуриятлар бажарилгандан сўнг Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади;

эркин айирбошланадиган валютада сотиш учун савдога чиқарилган ва савдода турган давлат акциялари пакетлари савдолардан олиниши, уларнинг миллий валютадаги қиймати аниқланган ҳолда қайта баҳоланиши ва миллий валютада такрорий савдоларга чиқарилиши лозим; 

хўжалик жамиятлари устав капиталидаги давлат акциялари пакетлари қонунчиликда назарда тутилган тўлов муддатларини узайтириш ва чегирмалар тақдим этиш механизмлари қўлланилмаган ҳолда сотилади; 

ваколатли давлат органлари қарорлари бўйича сотилган давлат мулки объектларининг олди-сотди шартномаларини мажбурий равишда нотариал тасдиқлаш талаб этилмайди. 

10. “Ноль” харид қийматида сотишда, шу жумладан, аввал сотилган давлат мулки объектлари бўйича инвестиция мажбуриятлари бажарилган деб қабул қилинган пайтдан бошлаб бир йил давомида янги иш ўринларини сақлаб қолиш тартиби бекор қилинсин. 

11. Қуйидагилар: 

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директорига Давлат активларини бошқариш агентлигининг тегишли мурожаати келиб тушган кундан бошлаб ўн кун муддатда келишилишини таъминлаган ҳолда, Молия вазирлиги ва юқори турувчи манфаатдор давлат органлари розилигига мувофиқ, идоравий мансублигидан қатъий назар, давлат кўчмас мулк объектларини (хусусийлаштирилмайдиган объектлар бундан мустасно) бир давлат ташкилоти тасарруфидан бошқа бир давлат ташкилоти тасарруфига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида беғараз бериш тўғрисида қарор қабул қилиш; 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимларига тегишли туман (шаҳар) ҳокимининг мурожаатидан сўнг икки ой муддатда балансда сақловчилар томонидан уларнинг тасарруфидаги ҳудудда жойлашган, белгиланган тартибда республика давлат бошқаруви органларига бириктирилган, фойдаланилмаётган давлат мулки объектларини (хусусийлаштирилмайдиган объектлар бундан мустасно) ижарага бериш таъминланмаган тақдирда, ушбу объектларни тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун бир йилгача бўлган муддатга қонунчиликда назарда тутилган тартибда балансда сақловчилар учун ажратмаларни тегишли маҳаллий бюджетга йўналтирган ҳолда ижарага бериш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқи берилсин. 

12. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида сотиладиган давлат мулки объектлари тўғрисида тадбиркорлар ва аҳолини доимий равишда кенг хабардор қилсин. 

13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 
5-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин. 

14. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин. 

15. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Г.К.Саидова зиммасига юклансин. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев

Тошкент шаҳри, 
2019 йил 19 февраль

 


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Шавкат Мирзиёев Давлат мулки объектлари Президент фармони

Баҳолаганлар

6

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг