Президент Чилонзорга борди

Жамият

image

Бугун, 26 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри Чилонзор саноат зонасидаги корхоналар фаолияти билан танишди.

Айтилишича, Мирзиёев саноат зонасидаги корхоналарнинг ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирган. Уларнинг ҳар бири ўзига хос йўналиш танлаганига эътибор қаратиб, барча ҳудудларда шундай корхоналарни ташкил этиш зарурлигини таъкидлаган. Шунингдек, у йоднинг инсон саломатлиги учун муҳимлигини инобатга олиб, мамлакатида йод билан бойитилган озиқ-овқатларни кўпайтириш бўйича кўрсатма берган.

Шу ерда Чилонзор туманида саноатни ривожлантириш режалари бўйича тақдимот ўтказилган.

“Чилонзор туманида жуда катта инфратузилма, бўш турган бинолар, кафолатланган энергия ресурлари бор. Фақат тадбиркорларга маблағ бериб, хорижий технологиялар олиб келиб, Чилонзорни индустрия хабига айлантириш керак”, деган Президент Мирзиёев.

Бундан ташқари, Ўзбекистон етакчиси иқтисодий лойиҳалар ижтимоий соҳада ҳам натижа келтириши зарурлигига алоҳида тўхталган. Тадбиркорларга кўмак бериб, фаолиятини кенгайтириб, маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигига ҳисса қўшиш зарурлигини таъкидлаган. Бу борада бошланган янги дастурдан фойдаланиб, тумандаги 3 минг камбағал ва 10 минг ишсиз фуқарони иш билан таъминлаш вазифаси қўйилган. Шунингдек, Президент Чилонзор туманидаги корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмасини ҳам кўздан кечирган.

Маълумот учун, Чилонзор саноат зонасида бугунги кунда 510 та корхона мавжуд. Хусусан, озиқ-овқат корхонасида йилига 7 минг тонна маҳсулот, шу жумладан 10 турдаги чипс тайёрланади. Яқинда лойиҳанинг иккинчи босқичи ишга туширилиб, маҳсулотлар тури кенгайтирилиши маълум қилинган. Бундан ташқари, мебелсозлик тармоғидаги корхонада йилига 2 миллион метр квадрат ёғоч панеллар ишлаб чиқарилаётгани, уларнинг катта қисми импорт ўрнини босиши билан аҳамиятли экани айтилади. Функционал озиқ-овқатлар комбинатида эса йилига 5 миллион қути йодланган қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Уларнинг 30 фоизини экспортга йўналтириш режалаштирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг