Президент барча раҳбарларга пулни тежашни буюрди
Жамият
−
27 Октябрь 11932 3 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев барча даражадаги раҳбарларни бюджет пулларини тежашга чақирди. Давлат раҳбари топшириғича, келгуси йилда харажатларни кескин қисқартириш ва самарадорликни ошириш барча даражадаги раҳбарлар учун асосий мезон бўлади. Бу ҳақда бугун, 27 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёйев ҳузурида бўлиб ўтган иқтисодиётда кутилаётган натижалар ва 2026 йил учун мўлжалланган асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар бўйича йиғилишда сўз борган.
Танқидий руҳда ўтган йиғилишда келгуси йил учун асосий режалар кўриб чиқилган.
Мутасаддилар келгуси йилда ўсиш суръатини 6,6 фоиз даражасида таъминлаб, ялпи ички маҳсулот ҳажмини 150 миллиард доллардан ошириш, иқтисодиётга барча манбалардан камида 400 триллион сўм йўналтириш, инфляцияни 7 фоиздан ортиқ бўлмаган даражада сақлаб қолиш прогноз қилингани юзасидан ахборот берган.
.jpg)
Президент бу режаларга эришиш учун барча имконият ва шароит мавжудлигини таъкидлаб, ҳар бир вазирлик, тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари жиддий эътибор қаратиши зарур бўлган муҳим масалаларни кўрсатиб ўтган.
2026 йилги бюджет лойиҳасида асосий солиқ ставкалари ўзгаришсиз қолаётган шароитда бюджет даромадларини изчиллик билан ошириб бориш, шу билан бирга, харажатлар қисмининг самарали сарфланиши устидан қатъий назорат ўрнатиш шартлиги қайд этилган.
Президент таъкидлаганидек, келгуси йилда харажатларни кескин қисқартириш ва самарадорликни ошириш барча даражадаги раҳбарлар учун асосий мезон бўлади.
.jpg)
Бунда стратегик тармоқларда таннархни камайтириш ва рақобатбардошликни ошириш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш, давлат иштирокидаги корхоналарнинг дивиденд сиёсатини тартибга солиш, субсидия ва имтиёзларнинг натижадорлигини таҳлил қилиб, самараси паст бўлганларини бекор қилиш, яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, туман ва шаҳар бюджетларининг даромадларини кўпайтириш борасидаги ишларнинг самарадорлигини ошириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилган.
Халқаро молия ташкилотлари маблағлари иштирокидаги лойиҳаларни жадаллаштириш, бундан буён мавжуд лойиҳаларни охирига етказибгина янги лойиҳаларга ресурс жалб қилиш тизимига ўтиш зарурлиги қайд этилган.
.jpg)
Вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларида тўпланган қолдиқнинг ярмини алоҳида жамғармага ўтказиш ва ушбу маблағларни мактаблар қурилишига ва тиббиётга йўналтириш топширилган.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалардан келиб чиқиб, 2026 йилги Давлат бюджети лойиҳасининг асосий йўналишлари белгилаб олинган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 6 ойи якунида Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарз ҳажми 72,2 млрд долларни ташкил қилиб, шундан давлат ташқи қарзи ҳажми 36,8 млрд доллар ҳамда корпоратив ташқи қарз ҳажми 35,4 млрд долларга тенг бўлган. Давлат қарзи тўғрисидаги қонунчилик бўйича давлат қарзининг энг юқори миқдори ЯИМга нисбатан 60 фоиздан ошмаслиги зарур. Ҳозирда Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи миқдори ЯИМга нисбатан 62 фоизни, давлат қарзи эса ЯИМга нисбатан 38 фоизни ташкил этмоқда. Қайд этиш жоиз, 2024 йилнинг мос даврида мамлакат жами ташқи қарзи 56,6 млрд доллар бўлган. Шундан 31 млрд доллари давлат ташқи қарзи, 25,6 млрд доллари корпоратив ташқи қарз.
Live
Барчаси