Президент Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилди
Жамият
−
12:37 1072 2 дақиқа
Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 3 ноябрь куни бунёдкорлик ишларининг бориши ва иқтисодиётнинг турли тармоқларида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишиш учун Бухоро вилоятига борди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ташриф Когон туманида жойлашган Баҳоуддин Нақшбанд мақбараси зиёратидан бошланган. У ерда Қуръон тиловат қилиниб, халқимизга тинчлик ва фаровонлик тилаб, дуо қилинган.

Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд XIV асрда яшаб ўтган буюк аллома, тасаввуфдаги нақшбандия тариқатининг асосчиси. Унинг мақбараси атрофида асрлар давомида шаклланган меъморий мажмуа бугун ҳам ислом оламидаги эъзозли зиёратгоҳлардан бири ҳисобланади.

Ҳар куни ўртача 15 мингга яқин киши зиёрат қилаётган Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуаси “Ипак йўли: Зарафшон – Қорақум коридори” таркибида UNESCO’нинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Сўнгги йилларда мажмуанинг тарихий қиёфасини асраш ва зиёратчиларга қулайлик яратиш бўйича ишлар олиб борилган. XV аср чизмалари асосида “Дониёлбий оталиқ” мадрасаси ва “Тоқи миёна” дарвозаси таъмирланган, музей экспозицияси ҳамда илмий-тадқиқот маркази ташкил этилган.

Президент Бухоро асрлар давомида маърифатли ислом тараққиётида муҳим ўрин тутиб келганини таъкидлаган. Бу бой маънавий меросни чуқур ўрганиш ва ундан ёшлар тарбиясида самарали фойдаланиш, уларни илм-маърифатга ундаш зарурлигини қайд этган.

“Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Мотуридий боболаримиз номи билан боғлиқ мажмуалар – буларнинг барчаси бир мақсадга хизмат қилади: буюк аждодларимиз илмий меросини давом эттириш ва ёшларимизни шу руҳда тарбиялаш”, дейди давлат раҳбари.

Live
Барчаси