Президент барча шаҳар ҳокимларига уч ой муҳлат берди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 8 октябрь куни жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида барча шаҳар ҳокимларига 3 ой муҳлат берди. Бу ҳақда йиғилишда иштирок этган QALAMPIR.UZ мухбири хабар бермоқда. 

Давлат раҳбари ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг ичига кириб бориб, муаммоларини ўрганиш, касб-ҳунарга ўргатиш, ўқитиш ва шахсий бизнесини йўлга қўйишида ёрдам бериш ҳокимларнинг асосий вазифасига айланиши кераклигини таъкидлади. Ушбу масала Янгиер ва Хатирчи туманлари мисолида муҳокама қилинар экан, давлат раҳбари Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Ариповга юзланиб, ҳозирданоқ барча шаҳар ҳокимларининг аризасини олишни, уларга уч ойлик синов муддати жорий этишни ва йил охиридаги натижасига кўра, баҳолашни буюрди.  

“Бугунги масалани вақтинча деб ўйлаган раҳбарлар хато қилади. Буни тушунмаган раҳбарларнинг келажаги бўлмайди. Қонунни ҳам, ижро органини ҳам ўзгартирамиз”, дейди Шавкат Мирзиёев. 

Давлат раҳбарининг алоҳида урғулашича, мамлакатдаги 80 фоиз ҳокимлар ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарига қандай топшириқ беришни билмайди. Шу боис бу масала назардан четда қолиб кетмоқда. 

Қолаверса, шаҳар ва туманларда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ҳоким ўринбосарларининг аксариятини эркаклар ташкил этади. Улар эса аёллар орасига кириб бормаяпти, уларнинг муаммолари, ташвишлари билан шуғулланмаяпти. Натижада аёллар овози йўқолиб бормоқда. Шу боис давлат раҳбари туман ва шаҳарлар ҳокимларининг Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига аёлларни тайинлаш масаласини ҳам илгари сурди. Бу ўринга эркакларнинг тайинланишини “хато” дея урғулайди Президент. 

Йиғилишда ҳокимлар ҳафтасига бир кунни ёшлар ва хотин-қизлар масалаларига ажратиши, ўринбосарлари билан эшикма эшик юриб, ёшлар ва аёлларнинг дардига қулоқ тутиши, муаммоларига ечим топиши кераклиги белгиланди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

717

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг