Польша Россиянинг разведка самолётларини ушлади

Олам

image

Польша ҳаво кучларининг иккита МиГ-29 қирувчи самолёти кеча, 30 октябрь куни эрталаб Болтиқ денгизи устидаги Польша ҳаво ҳудуди яқинида Россиянинг Ил-20 разведка самолётини ушлади. Бу ҳақда Польша Операцион қўмондонлиги хабар берди.

Мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камиш бу сўнгги кунлардаги иккинчи шундай ҳодиса эканини маълум қилган.

Польша расмийларига кўра, Россия самолёти транспондери ўчирилган ва парвоз режасини тақдим этмаган ҳолда, халқаро ҳаво ҳудудида бўлган. Польша ҳаво ҳудудининг бузилиши қайд этилмаган. 

“Навбатчи экипажлар, учувчилар ва ходимларнинг юқори даражадаги жанговар тайёргарлиги ва профессионаллиги туфайли операция тез, самарали ва хавфсиз тарзда амалга оширилди”, дейилади хабарда. 

Польша радиосининг хабар беришича, жорий йилнинг 29-30 октябрь кунлари Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли ҳаво ҳужумлари пайтида разведка самолётини ушлаш амалга оширилган. Польша тун бўйи ҳаво мудофааси ва ракетага қарши мудофаа тизимларини сақлаб турган, сўнгра ҳаво кучлари ва НАТО қирувчи самолётлари осмонга кўтарилган.

Польша 28 октябрь куни ҳам шунга ўхшаш ҳодиса ҳақида хабар берган. Ўша пайтда Операцион қўмондонлик Россиянинг Ил-20 самолёти Болтиқ денгизининг халқаро сувлари устидан парвоз режасисиз ва транспондери ўчирилган ҳолда учиб ўтгани, аммо мамлакат ҳаво ҳудудига кирмаганини хабар қилган. Россия Мудофаа вазирлиги бу ҳодисалар ҳақида изоҳ бермаган. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 10 сентябрь куни 19 та Россия учувчисиз учиш аппарати Польша чегарасини кесиб ўтганди. Уларни ушлаб олиш учун Польша ва бошқа НАТО мамлакатларидан қирувчи самолётлар жойлаштирилган. Варшава буни Россиянинг қасддан ҳужуми деб эълон қилган ва Шимолий Атлантика шартномасининг 4-моддасига мувофиқ, НАТО иттифоқчилари билан маслаҳатлашувлар ўтказишни сўраган. Москва айбловларни асоссиз деб рад этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Польша МиГ-29

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг