Пенсионерлар учун янги электрон хизмат жорий этилди
Жамият
−
06 Апрель 2019
6509Ягона интерфаол давлат хизматлари порталида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан тақдим этиладиган ва пенсияни ҳисоблаш учун масофадан туриб ойлик иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномани олиш имконини берадиган янги электрон хизмат жорий этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги “Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази” давлат унитар корхонасидан олинган маълумотларга кўра, айни пайтда Ягона интерфаол давлат хизматлари порталида 140 дан зиёд электрон давлат хизмати тақдим этилган.
Янги хизматнинг ишлаши учун мамлакатда ҳисобланган иш ҳақининг якка тартибдаги ҳисобини юритиш таомили жорий этилди. Энди фуқароларнинг пенсияларини ҳисоблаш учун зарур бўлган ҳисобланган иш ҳақи суммалари тўғрисидаги маълумотлар ҳар бир жисмоний шахс бўйича иш берувчилар томонидан давлат солиқ органларига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича солиқ ҳисоботи таркибида электрон шаклда тақдим этилади. Айни дамда Ягона интерактив давлат хизматлари порталида фуқароларга ҳисобланган иш ҳақи суммалари ҳақидаги маълумотларни тақдим этиш автоматик режимда амалга оширилади. Порталда кўрсатилганидек, хизматлар шу заҳоти ва бепул кўрсатилади.
Шуни таъкидлаш керакки, агар мурожаат қилувчи шахс давлат хизматлари органларида ҳисобга қўйилмаган тақдирда, хизмат кўрсатиш рад этилиши мумкин.
Янги хизмат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 1 февралида қабул қилинган “Фуқароларнинг пенсияларини ҳисоблаш учун зарур бўлган ҳисобланган иш ҳақининг якка тартибдаги ҳисобини юритишни жорий этиш чора-тадбирлари ҳақида”ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан ишлаб чиқилди.
LiveБарчаси