Пасха сулҳи тугаши билан Россия ҳужумни қайта бошлади
Олам
−
21 Апрель 2025 5853 2 дақиқа
Россия Қуролли кучлари Президент Владимир Путин томонидан эълон қилинган Пасха сулҳи тугаши билан жанговар ҳаракатларни қайта бошлади. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги хабар берди.
Расмий ахборотга кўра, келишув даврида Украина Қуролли кучлари томонидан сулҳ шартларини 4,9 минг марта бузиш ҳолатлари қайд этилган. Россия армияси ўт очишни тўхтатиш режимига қатъий риоя қилган ва илгари эгаллаб олинган марралар ва позицияларда қолган.
Вазирлик маълумотларига қараганда, келишувда Украина Қуролли кучлари олтита ҳужумга уринишни амалга оширган. Улар Донецкнинг Сухая Балка, Богатир, Перше-Травня, Белогоровка ва Тарасовка аҳоли пунктлари ҳудудларида, шунингдек, Курск вилоятининг Олешня туманида амалга оширилган.
“Сулҳ давомида Украина Қуролли кучлари 90 та самолёт типидаги учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланган, улардан саккизтаси ҳарбий операция зонасидан ташқарида. Ўтган кун давомида Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари 104 та дронни уриб туширди”, дейилади вазирлик хабарида.
Маълумот учун, Россия Президенти Владимир Путин армияга 19 апрель куни Москва вақти билан соат 18:00 дан 21 апрель куни Москва вақти билан соат 00:00 гача ҳарбий операция зонасидаги барча жанговар ҳаракатларни тўхтатишни буюрди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Президенти Владимир Зеленский Россияни Пасха сулҳини бузганликда айблаб, Москвани сулҳни узайтиришга чақирганди. Унинг сўзларига кўра, Россия армияси икки минг мартадан ортиқ ўт очишни тўхтатиш режимини бузган, бироқ ҳаво таҳдиди сигнали 20 апрель куни бир марта ҳам янграмаган.
Live
Барчаси