“Пандемиядан сўнг”. Иқтисодий инқирозда қайси давлатлар қаддини тез тиклаб олади? (1-қисм)
Олам
−
14 Апрель 2020
10721Европа экспертлари коронавирусдан кейин қайси давлатлар иқтисодий таназзулдан биринчи бўлиб чиқиб кетишини тахмин қила бошлади, деб ёзади ВВС.
Шу ҳафта Австрия ҳукумати Европада биринчи бўлиб коронавирус билан боғлиқ чеклов чораларини бекор қилиш режаларини эълон қилди. Австриядан яна ким ўрнак олиши аниқ эмас, аммо оддий ҳаётга қайтиш осон бўлмаслиги равшан.
“Иқтисодий хавфсизлик индекси”га кўра, коронавирус пандемиясидан сўнг иқтисодиёти энг мустаҳкам ва таназзулдан тез чиқиб кетадиган 10 та давлатга қуйидагилар кирди:
1. Норвегия
2. Дания
3. Швейцария
4. Германия
5. Финляндия
6. Швеция
7. Люксембург
8. Австрия
9. АҚШнинг марказий штатлари
10. Буюк Британия
“Иқтисодий хавфсизлик индекси-2019” Американинг FM Global суғурта компанияси томонидан тузилган.
“Индекс”га ишбилармонлик муҳити ва иқтисодий турғунлиги ҳисобга олиниб 130 та давлат киритилган. Баҳолаш сиёсий барқарорлик, корпоратив бошқарувнинг муваффақияти, хатарларнинг юзага келиш шартлари, савдо занжирларининг мураккаб логистика механизмлари ва ишбилармонлик муҳитининг шаффофлиги каби омилларга асосланади.
Пандемияга қарши дастлабки муносабатга қараб, инқироз даврида иқтисодиётнинг барқарорлиги ва барқарорлигини сақлаб қолиш эҳтимоли юқори бўлган давлатлар аниқланди. Рейингга киритилган айрим давлатларни таҳлил қилиб чиқамиз.
Дания
Мамлакат ушбу индексда иккинчи ўринни эгаллади. У тизимни назорат қилишда юқори кўрсаткичлар ва ҳукуматда коррупция даражаси пастлиги билан ажралиб туради.
Пандемия бошланиши билан Дания ҳукумати қатъий чоралар кўрди: тезкор равишда ижтимоий масофани жорий қилди, 11 март куни мактаблар ва ўрта махсус корхоналарни ёпди ва 14 март куни барча чет элликлар учун мамлакатга киришни тақиқлади.
“Аввалига мен бу чора-тадбирларга ишонқирмай қарадим. Кейин барча давлатлар бир хил йўлдан юрганини кўрганимда, ҳукуматимиз ҳамма нарсани тўғри амалга оширганига ишондим”, дейди Копенгагендаги Pissup сайёҳлик агентлигининг бошқарувчиси Расмус Кристенсен.
Данияликлар ўз ҳукуматига ишонишга одатланишган ва ҳар доим умумий иш учун курашишга тайёр туришади - бу эса кўрилган чоралар самарадорлигини оширди.
Сингапур
Сингапур рейтинги (“Иқтисодий хавфсизлик индекси”да 21-ўрин) кучли иқтисодиёти, сиёсий хатарларнинг пастлиги, яхши инфратузилма ва коррупция даражаси туфайли анча юқори.
Ушбу мамлакатда коронавирус тарқалишини олдини олиш бўйича тезкор чоралар кўрилди, бу ерда касалланиш бўйича “ўсиш чизиғи” дунёдаги бошқа давлатларга қараганда анча паст.
“Биз ўз ҳукуматимизга ишонамиз, инқироздаги ҳар бир қадамимиз шаффоф. Қоида тариқасида, ҳукумат бирон-бир чоралар кўрганда, биз уларга риоя қиламиз", дейди Konigle компаниясининг таҳлилчиси Констанс Тан.
Бироқ ўзини изоляция қилиш қоидаларини бузадиганлар ҳам бор. Ушбу қоидаларни бузганлар паспортлари ва ишлашга рухсатномаларидан айрилади.
“Умуман олганда, биз биргаликда ишлаймиз, жамиятдаги тартибсизликлар ёки одамлар кўчаларда ўлиб кетиши ёки иқтисодиётда беқарорлик бўлиши мумкинлиги ҳақида ташвишланишнинг ҳожати йўқ”, дейди Тан.
Сингапур - бу кичик мамлакат ва инқироздан чиқиш йўли глобал иқтисодиётнинг тикланишига боғлиқ. Аммо унинг халқи ўз миллати учун бахтли келажакка ишонади.
Қўшма Штатлар
Индекс ушбу мамлакатнинг жуғрофий қамровини аниқроқ акс эттириш учун уни ғарбий, марказий ва шарқий минтақаларга ажратди. Ҳар учаласи ҳам рейтингда юқори ўринларни эгалладилар (мос равишда 9, 11 ва 22-ўринлар).
Вируснинг Нью-Йорк каби мегаполисларда тарқалишини сақлаб қолиш, айниқса, қийин бўлди. Ишсизлик даражаси аллақачон рекорд кўрсаткичларга етди (март ойининг охирида - 6,6 миллион киши). Бу, асосан, штатларнинг ярмидан кўпида ресторан ва чакана савдо дўконлари, шунингдек, кўчаларда харидорларга хизмат кўрсатадиган нуқталарнинг ёпилиши билан изоҳланди.
Аммо АҚШ ҳукумати тезда иқтисодиётни барқарорлаштириш учун рағбатлантирувчи чоралар кўрди (2 триллион долларлик ёрдам пакети) ва аниқ таъсир кўрсатган ижтимоий чекловларни жорий этди. Охир-оқибат, бу пандемия оқибатларини енгиллаштириши ва нормал иқтисодий ҳаётни тезроқ тиклашга имкон бериши керак.
Goldman Sachs ва Morgan Stanley Мутахассислар иқтисодиётнинг В шаклидаги ривожланишини тахмин қилишди - биринчи навбатда, кескин пасайиш, кейин эса йилнинг иккинчи ярмида жуда тез тикланиш.
АҚШ иқтисодиётининг ҳолати бошқа барча давлатлар учун муҳимдир, чунки у дунё ялпи ички маҳсулотининг чорак қисмини ташкил қилади. Шунинг учун глобал иқтисодиётнинг тикланиши кўп жиҳатдан АҚШ буни қандай ҳал қилишига боғлиқ.
Руанда
Корпоратив бошқарув соҳасидаги сўнгги ютуқлари туфайли Руанда охирги йилларда “Индекс”даги мавқеини сезиларли даражада яхшилаб, 35-поғонадан юқорига кўтарилди ва дунёнинг энг барқарор иқтисодиёти рейтингида 77-ўринни эгаллади (Африка мамлакатлари орасида тўртинчи ўрин).
Аммо энг муҳими шундаки, Руандада шунга ўхшаш ва ундан ҳам хавфли вирусга қарши курашиш тажрибаси бор. Мамлакат қўшни Конго Демократик Республикасида 2019 йилда “Эбола” касаллиги авж олганида, унинг мамлакатда тарқалишининг олдини олишга муваффақ бўлган эди.
Соғлиқни сақлаш тизими, чегара ўтиш жойларида ҳароратни ўлчаш, дори воситаларини етказиб беришда дронлардан фойдаланиш – Руанда инқироз пайтида, айниқса, минтақадаги қўшнилар билан таққослаганда барқарорликни сақлашга яхши тайёргарлик кўрганидан далолат беради.
Саҳрои Кабирнинг жанубидаги Африка мамлакатлари орасида биринчи бўлиб Руанда тўлиқ карантинни жорий қилди. Ҳукумат маҳаллий аҳолининг заиф қатламига бепул озиқ-овқат этказиб берди.
Янги Зеландия
Янги Зеландия “Индекс”да корпоратив бошқарув ва харидлар бўйича юқори баҳолар билан 12-ўринни эгаллади.
Ушбу мамлакат расмийлари пандемияга тезда жавоб қайтарди, 19 март куни чет эллик саёҳатчилар учун чегаралар ёпилди ва 25 март куни иқтисодий фаолиятнинг иккиламчи тармоқ корхоналари иши тақиқланди.
Қатъий чоралар аллақачон ўз самарасини бермоқда: агар уларга кейинги ҳафталарда ҳам амал қилинса, инфекция мамлакатдан бутунлай йўқ қилинади, Янги Зеландия биринчилардан бўлиб муваффақиятли ҳаётга қайтади.
Экспорт ва туризм ушбу мамлакат иқтисодиётининг асосий таркибий қисмидир, шунинг учун Янги Зеландия яқин келажакда муайян қийинчиликларга дуч келиши ҳам мумкин.
Умуман олганда, мамлакатда барқарор иқтисодий тикланиш учун катта имкониятлар мавжуд - давлат қарзи кичик, иқтисодиётга пул оқимини йўналтириш ва шу билан бирга фоиз ставкаларини паст даражада ушлаб туриш мумкин, дейилади ҳисоботда.
Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистонда бу ҳал қандай кечади? Бу ҳақида кейинги мақоламизда сўз юритамиз.