AҚШда юқори лавозимда ишлаган 29 яшар йигит Мирзаевга маслаҳатчи бўлди
Жамият
−
10 Сентябрь 2020
52285Aмерика Қўшма Штатларининг нуфузли компанияларида ишлаган Шоҳруҳ Исақулов Сирдарё вилояти ҳокими маслаҳатчиси лавозимига тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Ҳокимлик хабарига кўра, 29 яшар Шоҳруҳ Норқулович Исақулов Сирдарё вилоят ҳокимининг Туризм ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланган. Янги лавозимга қадар у Сирдарё вилояти Инвестисиялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатган.
Маълумот учун, Шоҳруҳ Исақулов 1991 йил 1 мартда Гулистон шаҳрида туғилган. 2011 йил Aмерика Қўшма Штатларининг Канзас Штати “Ньюман" университети (Newman University), 2014 йил AҚШ Канзас Штати "Френдс" университети (Friends University)ни тамомлаган. Меҳнат фаолияти давомида AҚШда жойлашган турли нуфузли компанияларда маъсул лавозимларда ишлаган.
Маълум бўлишича, Шоҳруҳ Исақулов AҚШ Иллинойс Штати “Прайс Вотерхаус Куперс солиқ, аудит ва консалтинг компанияси” (Pricewaterhouse Coopers, Audit and Assurance, Consulting and Tax services) аудит ва консалтинг бўлимининг бош аудитори ва консултант-маслаҳатчиси, Aмерика Қўшма Штатлари Иллинойс Штати “КПМЖ солиқ, аудит ва консалтинг компанияси” (KPMG Tax, Auditing, and Consulting Company) аудит ва консултантлик бўлимининг бош аудитори ва консултант-маслаҳатчиси лавозимларида меҳнат қилган.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 10 сентябрь куни вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозимига Ширин шаҳар ҳокими лавозимида ишлаб келган Абдуғаффор Тиллабоевич Хожиматов тайинланган эди.
Aҳрорбек Ҳайруллаев
LiveБарчаси