Дунёдаги энг баланд чархпалаклар

Бу қизиқ

London eye

Илк чархпалакни қуриш ғояси америкалик архитектор Жорж Фэррисга тегишли. У 1893 йилда Чикагода ўтказилган бутунжаҳон кўргазмасига бағишлаб илк чархпалакни бунёд этди. Бу Парижда барпо этилган Эйфелга жавоб эди. Унинг баландлиги ўша пайтдаги рекорд даражада – 80 метрга тенг эди. Оғирлиги 2000 тонна бўлган улкан иншоатни ҳар бири 1000 от кучига тенг бўлган иккита пар машинаси ҳаракатга келтирган. Ушбу чархпалакда 36 та кабинка бўлиб, у 20 та ўриндиқли ва 40 та туриб томоша қилувчилар учун мўлжалланган. У бир пайтнинг ўзида 2160 кишини ўз бағрига сиғдира олган. Чархпалак қанчалик омадли лойиҳа бўлмасин Эйфелнинг соясида қолиб кетаверган. 

Ҳозирда ҳар бир давлатда баланд чархпалаклар бор ва у кишиларнинг ёқимли ҳордиқ чиқаришига хизмат қилиб келмоқда. Биз сиз билан дунёдаги энг баланд чархпалакларга саёҳат қиламиз. 

Singapore Flyer (Сингапур чархпалаги)

Бугунги кунда дунёдаги энг баланд чархпалак Сингапурда жойлашган. Ушбу иншоат 165 метрга тенг бўлиб, 37 дақиқада тўлиқ айланиб улгуради. Чархпалак  28 та кабинали бўлиб, унга бир вақтнинг ўзида 28 киши жойлашади. 2008 йил 15 апрледа очилган Сингапур чархпалагининг чипта нархи 21 долларни ташкил этади.

 

High Roller 

Лас-Вегас шаҳри машҳур казинолари, меҳмонхонаю тамаддихоналари билан бутун дунё сайёҳларини ўзига жалб этиб келади. Бу ерда барчаси ҳақида энг, энг дейишни ёқтиришади. АҚШлик бир гуруҳ архитекторлар шаҳар кўркига монанд чархпалак ғоясини ишлаб чиқди ва амалга оширди. 

"High Roller" деб аталган ушбу иншоат худди Сингапурдагидек 165 метр баландликка эга бўлди. Чархпалак 28 та капсуладан иборат ва унинг ҳар бирига 40 киши бемалол сиға олади. Иншоат маъмуриятининг хабарига кўра, бу капсулаларда туғилган кун, турли базмлар ҳаттоки никоҳ тўйларини ҳам ўтказиш учун имконият мавжуд. Ҳар бир капсула кучли ҳаво совуткичи билан жиҳозланган. 

Улкан иншоат тўла айланиши учун ярим соат вақт керак бўлади. Унга бир марталик саёҳат кундузи 24,95 доллар кечаси эса 34,95  долларини ташкил этади. 

 

Star of Nanchang (Наньчан юлдузи)

Хитойнинг Наньчан шаҳрида барпо этилган чархпалакнинг баландлиги 160 метрни ташкил этади. Уни қуриш учун 7,3 млн доллар маблағ сарфланган. Қурилма ярим соатда тўла айланиб улгуради. Чипта нархи эса сайёҳларбоп, бор йўғи 6 доллар. Саккиз кишига мўлжаланган кабиналар сони 60 тани ташкил этади. 

 

London eye (Лондон кўзи)

Европада тенги йўқ бўлган "Лондон кўзи"  чархпалаги сайёҳлар орасида жуда машҳур. Ҳаттоки, ушбу иншоат Лондоннинг сайёҳлик рамзига айланиб улгурган. Европага, хусусан Англияга ташриф буюрган сайёҳ борки, мазкур чархпалакка бир марта бўлса-да чиқишни мақсад қилади. 

Баландлиги 135 метр бўлган иншоат 32 кабинадан иборат. Лондон рамзига бир марталик саёҳат нархи бироз қимматроқ, 30 долларни ташкил этади. 2000 йилда меъмор Марк Барфилд лойиҳаси асосида барпо этилган чархпалак бугунга қадар сайёҳлик, архитектура йўналишида 80 дан ортиқ мукофотларга лойиқ кўрилган. 

Айтганча, ушбу иншоатга сайрни режалаштирган бўлсангиз энг аввало, унинг расмий сайтида (https://www.londoneye.com) чиптани олдиндан банд қилишни унутманг. Акс ҳолда саёҳатингиз бир неча кунга кечикиши мумкин. 

The Southern star (Жануб юлдузи)

Агар Австралиянинг Мельбурн шаҳрига борсангиз албатта "Жануб юлдузи"  чархпалагига албатта чиқинг. 120 метр баландликка эга чархпалакда шаҳарнинг 40 километр масофадаги гўзаллигидан баҳраманд бўласиз. Бир марталик чипта нархи 29 долларни ташкил этади. Ушбу иншоатни бекорга "Жануб юлдузи" деб аташмаган. Ундаги кўзни қувнатувчи чироқлар ҳар қандай сайёҳда кўриш иштиёқини ўйғота олади. 2008 йилда барпо этилган иншоатни қуриш учун 100 млн Австралия доллари миқдорида маблағ сарфланган. 

 

Suzhou Ferris Wheel (Сучжоу чархпалаги)

Осиёдаги ўзига хос услубда барпо этилган чархпалак 2009 йилда сайёҳларга илк бор эшигини очган. Сучжоу шаҳри аҳолиси бу иншоат билан фахрланиб, уни табиатнинг уйғун бир бўлаги сифатида баҳолайди. Ушбу 120 метрли гигант чархпалак Сучжоудаги Жинжи кўли яқинида барпо этилган. У 60 та кабинадан иборат ва бир пайтнинг ўзида 300 кишига хизмат қила олади. Иншоат 20 дақиқа ичида тўла айланиб улгуради. 

 

Tianjin Eye (Тяньцзинь кўзи)

Тяньцзинь шаҳрида жойлашган ушбу иншоатнинг баландлиги 120 метрни ташкил этади. Чархпалак қурилиши 2007  йилда бошланиб, 2008 йил 7 апрелда сайёҳлар учун очилган. Унинг ўзига хослиги шундаки, иншоат Тяньцзинь шаҳридан ўтган Йонгл-Бридж кўприги устида қурилган. Гигант иншоат 40 та капсуладан иборат бўлиб, ҳар бирига 8 кишини сиғдира олади. У тўла айланиб улгуриши учун ярим соат вақт керак бўлади. Аттракцион нархи катталар учун 11 доллар кичик ёшдагилар учун 6 долларни ташкил этади. 

 

"Анҳор юлдузи" 

Ўзбекистондаги энг баланд чархпалак Тошкент шаҳрида 2018 йил 22 декабрь куни фойдаланишга топширилди. "Anhor-Lokomotiv" боғи яқинида қурилган иншоатнинг баландлиги 72 метрни ташкил этади ва ўз бағрига бир вақтнинг ўзида 272 кишини сиғдира олади.

 Унда 48 та ёпиқ кабиналар мавжуд. Шундан 8 таси “ВИП” турда бўлиб, унинг оддий кабиналардан фарқи тўрт кишига мўлжалланган ва юмшоқ ўриндиқлар билан жиҳозланган. Оддий кабиналар эса ўз ичига 6 кишини сиғдиради. Чархпалак 12 дақиқада тўлиқ айланиб улгуради.

Чархпалакка кундузи ҳам кечаси ҳам чиқиш бирдек мароқли. Юқоридан Тошкентнинг энг кўркам манзараларини томоша қилишингиз мумкин.


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

119

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг