Отатурк аэропорти билан йиғлаб хайрлашишди

Олам

Жорий йилнинг 5 апрель куни соат 02:00 да Отатурк халқаро аэропортидан охирги парвоз амалга оширилди. 7 апрелдан бошлаб дуёнинг энг катта аэропорти дея эътироф этилган Истанбул халқаро аэропорти тўлиқ иш бошлади. 

Бундан 86 йил аввал иш бошлаган Отатурк номидаги Истанбул халқаро аэропорти қанчадан-қанча айрилиқлар, яқинларнинг меҳрга тўла учрашувлари, илк севги изҳорларидан тортиб, турмушга чиқиш таклифларига гувоҳ бўлмади, дейсиз. Отатурк аэропорти ходимлари бу кунларни ўз яқинлари ҳаётида бўлган воқеалар каби яхши хотирлайдилар. 

Аэропорт 1933 йилда Истанбул-Анқара парвози билан иш бошлаган эди. У вақтларда аэропорт номи “Яшилкўй” деб номланди. Орадан 20 йил ўтиб, 1953 йилда ушбу аэропортда халқаро парвозлар бошланди. 1985 йилга келиб унга Мустафо Камол Отатурк номи берилди. 

Ижтимоий тармоқлар, YouTube видеопорталига жойлаштирилган видеолардан шуни кўриш мумкинки, Турк ҳаво йўллари ходимлари, Отатурк аэрпортида узоқ йиллар давомида фаолият юритган ишчилар, учувчи ва хизматчилар, ҳатто, айрим йўловчилар эски аэропорт билан кўзида ёш билан хайрлашган. 

“Бу ерни доим табассум билан хотирлайман. Бу ерда жуда ёмон кунларни бошдан ўтказдик. Шундай бўлсада, оёқда тик туришни, ҳаётга кулиб қарашни ўргандик”, дейди ходимлардан бири. 

Аэрпортда узоқ йиллар давомида фаолият юритган ходимларидан бирининг айтганлари эса юракларни ларзага келтиради. 

“Мен қаерга борсам, тош тўплайман. Ердан бир тошни олиб, ўпаман ва чўнтагимга соламан. Бу ердан бир дона тош ҳам олиб кета олмасман. Аммо, хотираларни ўзим билан олиб кетяпман”, дейди у. 

Маълумот ўрнида, янги аэропортда 6 та алоҳида учиш-қўниш йўлаги, 500 та самолётни қабул қила олиш имконияти, 70 минг автомобиль тўхташи учун очиқ ва ёпиқ тураргоҳ, 20 минг киши учун кутиш жойи мавжуд. У ҳар йили 200 млн йўловчига хизмат кўрсата олади.

Майдони жами 76,5 млн кв метр бўлган аэропортнинг дастлабки қисми очилиши учун 6 млрд евро маблағ сарфланган. Ҳозирда у 90 миллион йўловчига хизмат кўрсата олади. 2023 йилгача аэропортнинг қолган қисми қуриб битказилади.

Янги аэропортда 350 та йўналиш бўйича парвозлар амалга оширилади. Аэропортнинг 451 хонали юқори технологияли меҳмонхонаси ҳам мавжуд.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Отатурк аэропорти

Баҳолаганлар

209

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар