Оширилган миқдордаги нон компенсация пуллари кимларга тўланмоқда?
Олам
−
14 Ноябрь 2019
5968Республика бўйича жами 1,7 млн нафар фуқарога тўланаётган пул компенсацияси миқдори оширилди. Бу ҳақда Молия вазирлиги хабар бермоқда.
Пул компенсацияси олувчи тоифалар сони 2 тага кўпайиб, 11 тоифага етказилди, яъни 2019 йил 1 октябрдан бошлаб қўшимча равишда 64,9 минг нафар фуқаро ҳамда 218,1 мингта оилага илк маротаба пул компенсацияси жорий қилинди.
Компенсация олувчилар сони қанча?
Пенсия жамғармаси орқали пул компенсацияси олувчилар сони 1,4 млн нафарни ташкил этди. Маҳалла фуқаролар йиғинлари орқали пул компенсацияси олувчилар сони 514,4 минг нафарни ташкил этмоқда.
Бугунги кунга келиб пул компенсация олувчи аҳоли қаторига қўшимча равишда икки тоифа қўшилиши натижасида пул компенсацияси олувчилари сони 18,5 фоизга ошиб, 2,0 млн. нафарни ташкил этмоқда.
Компенсация тўлови учун қанча маблағ сарфланмоқда?
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан шу йилнинг октябрь-декабрь ойларида пул компенсацияларини янги миқдорларда тўлаш учун, қўшимча тарзда 189 млрд сўм миқдорида маблағ ажратилди (Пенсия жамғармаси томонидан тайинланган пенсия ва нафақа олувчилари учун 125 млрд сўм ва маҳаллалар томонидан тайинланадиган нафақалар ва моддий ёрдам олувчилар учун 64 млрд сўм).
Умумий ҳисобда нон компенсациялари тўлови учун 2019 йилда республика бюджети ҳисобидан 604 млрд сўм ажратилган.
Компенсация тўлови қандай амалга оширилди?
Пенсия жамғармаси томонидан 3 октябрь санасида октябрь ойи пул компенсацияси учун (22 300 сўмлик миқдорда) тўлов ведомостлари шакллантирилиб, Халқ банки ва тижорат банклари томонидан тўловлар амалга оширилганлиги сабабли, ошган миқдорлари фарқи (яъни, 27 700 сўм) бўйича 15 октябрда қўшимча ведомостлар тузилиб, ойнинг 27 санасига қадар тўланиши таъминланди.
Шунингдек, компенсация тўлови янги жорий этилган энг кам ёшга доир пенсия (436 150 сўм) миқдорида пенсия олувчиларга 2019 йил 1 октябрдан компенсациялар тайинланиб, ноябрь ойи ведомостига 100 000 сўм миқдорида (яъни, октябрь ва ноябрь ойлари учун 50 000 сўмдан) киритилди.
Билдирилишича, пул компенсациялари пенсия ва нафақа тўловлари билан бир вақтда амалга оширилмоқда.
Маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан тайинланган нафақа ва моддий ёрдам олувчи оилаларга октябрь ойида 22 300 сўм миқдорида пул компенсациялари тўланган ҳамда ошган миқдорлари фарқи ноябрь ойи билан бирга 77 700 сўм миқдорида тўланган (яъни, 27 700 сўм октябрь ойи учун қўшимча ва ноябрь ойи учун 50 000 сўм).
Шунингдек, компенсация тўлови янги жорий этилган 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа олувчи оилаларга 2019 йил 1 октябрдан компенсациялар тайинланиб, ноябрь ойи ведомостига 100 000 сўм миқдорида (яъни, октябрь ва ноябрь ойлари учун 50 000 сўмдан) киритилди.
Маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан тайинланган нафақа ва моддий ёрдам олувчи фуқароларга пул компенсациялари жорий йилнинг 10 ноябрь санасига қадар тўлиқ тўланиши таъминланган.
Компенсациялар қандай назоратга олинган?
Пенсия жамғармасида пенсия ва нафақа олувчиларнинг ягона электрон базаси яратилган бўлиб компенсация олиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларга пул компенсациялар автоматик равишда тайинланади.
Шунингдек, ҳар ойнинг 3 санасига қадар тўлов ведомостлари дастурий мажмуа орқали шакллантирилиб, тижорат банклари ҳамда Халқ банкига электрон шаклда юборилади. Банк пластик картлари орқали олувчиларнинг ҳисоб рақамларига компенсациялар инсон омилисиз ҳар ойнинг бошида автоматик равишда юкланади.
Тўловларни нақд пул шаклида олувчиларга компенсациялар Халқ банки сайёр кассалари томонидан пенсия ва нафақалар билан бирга етказилади. Бунда, фуқарога компенсация тўланганда Халқ банки сайёр кассаси ходими томонидан дастурий мажмуага маълумот киритилади ҳамда Пенсия жамғармаси томонидан автоматик равишда пенционернинг телефон рақамига бу ҳақда СМС хабар юборилади. Бу орқали фуқарога СМС хабар келган бироқ, компенсация тўланмаганлиги ҳолатлари аниқланади.
Бундан ташқари, Пенсия жамғармаси томонидан ҳар ойда навбатга асосан пенсия ва нафақа олувчилар фуқаролар билан учрашиб, тўлов ҳолатлари мониторингдан ўтказиш тизими йўлга қўйилган.
Мониторингларда аниқланган ҳолатлар бўйича ҳужжатлар ўрнатилган тартибда чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига бериб борилади.
Шу билан бирга, пул компенсация тўлови билан боғлиқ саволлар бўйича Пенсия жамғармаси (1140 рақамли) ёки Халқ банкининг (1106) "Ишонч телефон"ларига мурожаат қилиш мумкин.
LiveБарчаси