Олтин ва қимматбаҳо тошлар эркин савдога чиқарилади
Жамият
−
27 Февраль 2020
6685Энди қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар давлат эгалигида бўлгани сингари юридик ва жисмоний шахслар эгалигида ҳам бўлиши мумкин. Бу ҳақда парламент Матбуот хизмати хабар берди.
Жорий йилнинг 25 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида депутатлар “Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисидаги” қонун лойиҳасини муҳокама қилган.
Янги қонун лойиҳаси ушбу соҳада қимматбаҳо металлар, тошларни қазиб олиш, уларни аффинаж қилиш, заргарлик буюмларининг асиллик даражасини белгилаш ва тамғалаш, давлат органларининг ваколатлари, қимматбаҳо металлар ва тошларга эгалик ҳуқуқларининг вужудга келиши, соҳада рухсат этиш тизими асослари кўрсатиб ўтилган.
Лойиҳада қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар давлат эгалигида бўлгани сингари юридик ва жисмоний шахслар эгалигида ҳам бўлиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган.
Маълум қилинишича, ушбу лойиҳанинг қабул қилиниши соҳада бир қатор ижобий натижаларни беради. Жумладан, иқтисодиёт тармоқларида қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар соҳасидаги фаолиятни амалга оширишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилади. Лойиҳа билан қимматбаҳо металларнинг эркин муомаласи йўлга қўйилиши мумкин. Бу эса, тадбиркорлик субъектлари томонидан қимматбаҳо металларга хом ашё сифатида бўлган эҳтиёжи қондирилади. Тадбиркорлик субъектлари томонидан қимматбаҳо металларни тўғридан-тўғри ишлаб чиқувчилардан ёки биржадан сотиб олиш имкони яратилади.
Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар соҳасида давлат органларининг ваколатлари аниқ белгиланади. Бу қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари кафолатланиши, ҳалол тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ёрдам беради.
Шунингдек, лойиҳа қимматбаҳо металлардан ясалган буюмларнинг асиллик даражасини аниқлаш ва тамғалаш тартибини соддалаштиришни назарда тутади. Унга қимматбаҳо металлар ва тошларга эгалик ҳуқуқини назарда тутувчи нормалар киритилган бўлиб, бу қимматбаҳо металларга оддий товар сифатида қараш, тадбиркорлик субъекти ёки жисмоний шахслар ҳам уларга эгалик қилиш, ўрнатилган тартибда эркин тасарруф этиш имконини беради.
Мазкур қонун лойиҳаси қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи маҳаллий тадбиркорлик субъектларига ўзлари ишлаб чиқарган заргарлик буюмларига ўзлари ишлаб чиқарувчи тамғаси билан тамғалаш ҳуқуқи ҳам бермоқда.
Шу тариқа соҳада давлат органлари ҳамда бошқа иштирокчиларнинг ваколатлари ва жавобгарлик соҳасини аниқ чегаралаш, ушбу соҳа фаолиятини хуфиёна иқтисодиётдан чиқариш, тармоққа инвестицияларни кенг жалб этиш учун қулай шароит яратиш ҳамда рақобат муҳитини яхшилашга кўмаклашади. Шу билан бирга, келгусида соҳада тенглик муҳитни яратиш, маҳсулотларнинг таннархини тушириш, тадбиркорлик субъектлари учун кўпроқ эркинлик ва имконият бериш асосида янги иш жойларини ташкил этиш ҳамда солиқ тушумлари миқдорини кўпайтиришга шароит яратади.
Ушбу қонун лойиҳаси депутатлар томонидан консептуал жиҳатдан қабул қилинган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь