Комилов: 40 йилдан бери... “Калашников”, уруш, ўлдириш, қон
Жамият
−
25 Август 2019
9302Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида мамлакатнинг тинчимаётган ва уруш давом этаётган Афғонистон билан алоқадор лойиҳалар қуриши билан боғлиқ вазиятга оид фикрларини билдирди.
“Афғонистон Ўзбекистоннинг лойиҳалари марказида турибди. Кўпинча одамлар ҳайрон бўлади: “Ҳозир Афғонистонда уруш бўляпти, сизлар ҳали у, ҳали бу лойиҳа, дейсизлар...” Келажакни инобатга олиб шундай қилинмоқда.
У ерда барибир қачондир тинчлик ўрнатилади. Нега деганда, мана биз ҳукумат билан ҳам, мухолифат билан ҳам, толиблар билан ҳам алоқа ўрнатганмиз. Уларнинг ҳаммаси урушдан чарчади.
40 йилдан бери... Ўз пайтида Совет Иттифоқи Афғонистонга ҳужум қилган пайтда туғилган болалар ҳозир 42-45 га кирган. Умрида урушдан бошқа ҳеч нарсани кўрмаган. Фақат “Калашников”, уруш, ўлдириш, қон... Шунинг учун улар ҳаммаси чарчади.
Ўйлаймизки, бир-бири билан келишиб... Албатта, бу жараён ҳали чўзилади. 40 йил бир-бири билан урушгандан кейин бир кунда ҳал бўлиши жуда қийин. Лекин бунинг бошқа йўли йўқ. Бошқа йўли – яна уруш, қон... Бунақа сиёсатнинг келажаги йўқ.
Ҳозир Американинг ювори лавозимли вакиллари келиб-кетти. Улар ҳам муҳтарам Президентимизнинг минтақада олиб бораётган сиёсатини қўллаб-қувватлаяпти. Айниқса, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича.
Айтишяптики, Ўзбекистон Президенти сиёсати туфайли минтақада мутлақо янги сиёсий муҳит пайдо бўлди. Ўзаро муаммоларнинг кўпи ҳал бўлди.
Тожикистон билан ҳам, Қирғизистон билан ҳам, бошқа давлатлар билан ҳам муаммолар кўп ҳали. Лекин йўл очилди. Ўзаро ишонч пайдо бўлди. Дўстона алоқа ўрнатишдан бошқа йўл йўқлигини ҳамма тушунди”, деди Абдулазиз Комилов.