Нодавлат ОТМлар Олий таълим кенгашига пул тўлаши керакми?

Жамият

image

Республика Олий таълим кенгаши нодавлат нотижорат ташкилот сифатида фаолият юритиб, давлат функцияларини амалга оширмайди ва қарорлари мажбурий кучга эга эмас. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.

Кенгашнинг 2024 йилнинг 29 ноябрь куни тасдиқланган баённомасида нодавлат олийгоҳлар контрактидан тушадиган маблағнинг 4 фоизини Олий таълим кенгашига ўтказиш таклиф қилинганди. Ҳуқуқшунослар нодавлат ОТМлар буни тўлашга мажбур эмаслигини маълум қилганди.

Вазирлик муносабатида билдирилишича, кенгаш ўз фаолиятида Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларига амал қилади ҳамда фақат тавсиявий характерга эга таклифлар ишлаб чиқади. Кенгашнинг асосий фаолият йўналишлари илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида республика олий таълим муассасаларининг фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш, таълим сифатини таъминлаш юзасидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, олий таълим тизимида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва уларнинг илмий-инновацион фаолиятини ривожлантириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш, олий таълим муассасаларининг миллий ва халқаро рейтинг кўрсаткичларини мунтазам таҳлил қилиб бориш ва уларни халқаро рейтингларга киришига кўмаклашиш ва бошқалар ҳисобланади.

Муҳокамага сабаб бўлган нодавлат олий таълим ташкилотларида тўлов-контракт шаклидаги ўқитишдан тушадиган маблағларнинг 4 фоизини олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармасига йўналтириш мажбурияти кўзда тутилмаган.

“Ҳар қандай маблағ билан боғлиқ ҳаракатлар ва муносабатлар тегишли шартномалар асосида амалга оширилиши мумкин. Бунда Ўзбекистон Республикаси фуқаролик қонунчилиги шартнома эркинлигини кафолатлайди. Кенгаш доирасида ёки қонунчиликка мувофиқ бундай муносабатларни мажбурлаш учун механизмлар мавжуд эмас. Шу боис, ҳар қандай молиявий ва ҳуқуқий ҳаракатлар томонларнинг ихтиёрий келишувлари асосида амалга оширилиши табиий ҳолатдир”, дейилган вазирлик муносабатида.

Қайд этилишича, вазирлик кенгаш томонидан қабул қилинган қарорларни нодавлат нотижорат ташкилотнинг ички иши сифатида баҳолайди. Шунингдек, вазирлик ҳар қандай молиявий ҳаракатлар ёки манфаатлар поймол этилиши ҳолатлари бўйича мурожаатлар қабул қилишга ва уларни белгиланган тартибда кўриб чиқишга тайёрлигини билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Республика олий таълим кенгаши

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар