Олий Бош Қўмондон миллий ҳарбий маҳсулотлар билан танишди
Жамият
−
12 Январь 2021
14556Бугун, 12 январь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат ҳаётидаги муҳим воқеа – Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни арафасида Қуролли Кучлар Академиясига ташриф буюрди.
Давлат раҳбари ўқув муассасаси фаолиятини такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар ва у ерда яратилган таълим инфратузилмаси объектлари, шунингдек, Қуролли Кучларнинг замонавий қурол ва ҳарбий техника намуналари ҳамда миллий мудофаа саноати корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар билан танишди.
Шундан сўнг Академияда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони раислигида Қуролли Кучлар ва ҳарбий-маъмурий секторлар фаолиятининг 2020 йил якунлари ҳамда келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда Хавфсизлик кенгаши аъзолари, Қуролли Кучларнинг раҳбар ва қўмондонлик таркиби, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мамлакат мудофаа қобилиятини янада ошириш борасида амалга оширилган ишлар, Қуролли Кучларни ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ва уларнинг натижалари батафсил сарҳисоб қилинди. Вазирлик ва идоралар ҳамда жойлардаги давлат хокимияти органларининг ушбу йўналишдаги фаолиятига танқидий баҳо берилди.
Президент томонидан Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида, мамлакат ҳаётининг бошқа жабҳалари билан бир қаторда, ҳарбий соҳанинг энг муҳим йўналишлари бўйича замон талабларига мос қарорлар қабул қилинганлиги, амалга оширилган тизимли ва стратегик комплекс чора-тадбирлар натижасида қисқа давр ичида миллий армиянинг жанговар шайлиги ва умуман мамлакатнинг мудофаа қобилияти сезиларли даражада ошгани таъкидлаб ўтилди.
Йиғилишда давлат раҳбари Қуролли Кучларни ривожлантириш ва мамлакат мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш ҳамда бу борада замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва илғор инновацияларни кенг татбиқ этиш бўйича муҳим кўрсатмалар берди.
Жумладан, барча даражадаги қўмондонлик ва бошқарув органлари фаолиятини такомиллаштириш, қўшинларда автоматлаштирилган бошқарув воситалари ва комплексларни жорий қилиш орқали уларнинг ҳамкорликдаги оператив ва жанговар тайёргарлик даражасини ошириш, ахборот ва киберхавфсизликни таъминлаш истиқболдаги долзарб вазифалардан бўлиб қолади.
Ҳарбий кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда ҳарбий илмни ривожлантириш борасида Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони томонидан ҳарбий можаролар ва замонавий жанг амалиётларини ҳамда миллий ҳарбий санъат тарихини чуқур ўрганиб, қўшинларнинг тайёргарлик усул ва услубларини янада такомиллаштириш вазифаси қўйилди.
Бунда ҳарбий таълим тизимида бошланган ислоҳотларни узвий давом эттириш, олий ҳарбий билим юртлари, лицей ва коллежлар, жумладан, “Темурбеклар мактаби” ҳарбий академик лицейлари фаолиятини такомиллаштириш, уларда таълим олаётган ўқувчилар қалбида миллий руҳ, она-Ватанга меҳр ва садоқат, адолат туйғусини ҳар томонлама кучайтириш, буюк аждодлар, жумладан, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Шоҳруҳ Мирзо, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби саркардаларнинг бой жанг санъатидан кенг фойдаланиш муҳимлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида барпо этилган “Ғалаба боғи” ва “Шон-шараф” музейи мажмуасини ҳарбий хизматчилар, мамлакат аҳолиси, айниқса, ёшлар учун ҳарбий тарихни ва буюк аждодлар қаҳрамонлигини ўрганиш илмий марказига айлантириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Бугунги кунда глобал ахборот маконидаги қарама-қаршилик, инсон, айниқса ёш авлоднинг онги ва қалби учун курашнинг кучайиши шароитида ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясининг роли ва аҳамияти ортиб бормоқда.
Шунинг учун давлат раҳбари томонидан аҳолининг ва биринчи навбатда ёшларнинг ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси тизимини такомиллаштириш, уларни мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнига жалб қилиш, интеллектуал ва ижодий салоҳиятни намоён қилишга шароит яратиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Мамлакат аҳолисини ва ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг фуқаролик позициясини кучайтириш билан боғлиқ ишларни “Жасур жангчи – ёшлар учун намуна” шиори остида янада жадаллаштириш, ҳарбий округлар қўмондонликларига камида 10 тадан мактабни оталиққа олиш ҳамда ҳарбий қисм командирлари томонидан уларда ватанпарварлик ва ҳарбий шон-шараф дарсларини йўлга қўйиш вазифаси қўйилди.
Қуролли Кучларда яратилган замонавий инфратузилмадан фойдаланган ҳолда уюшмаган ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш билан бирга, меҳнат бозорида талаб қилинадиган касб-ҳунарга ўргатиш бўйича ишларни ташкил этиш вазифаси ҳам қўйилди.
Шунингдек, давлат раҳбари “ўз фарзандларида юксак ватанпарварлик руҳини камол топтира олмаган давлат, қандай қудратли қуролга эга бўлмасин, мудофаа қобилиятини мустаҳкамлай олмайди”, дея таъкидлаб ўтди.
Бундан ташқари, йиғилишда мамлакат мудофаа саноати комплексини янада ривожлантириш, давлат чегараларини қўриқлаш тизимини такомиллаштириш, фавқулодда вазиятлар прогноз ва мониторинг қилиш ҳамда авария ва техноген ҳалокатларнинг олдини олиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш бўйча зарур топшириқлар берилди.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳарбий оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш, соғлом турмуш тарзи ва болалар тарбиясига ёндашувларни намунали даражага кўтариш, ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уй-жой билан таъминлаш ишлари келгусида ҳам муҳим ва устувор йўналиш сифатида қолишини қайд этди.
Тадбир якунида давлат раҳбари Қуролли Кучларни янада ривожлантириш бўйича олиб бораётган ишлар, биринчи навбатда, халқнинг хавфсизлиги, тинчлиги ва осойишталигини таъминлашга қаратилган янги Ўзбекистонни барпо этиш бош талаб эканини таъкидлади.