Олимпиадага йўлланмани қўлга киритган биринчи мураббий эканим тарихда қолди – Кападзе
Спорт
−
20 Март 5388 2 дақиқа
Бугун, 20 март куни бўладиган 2026 йилги Жаҳон чемпионати саралаши 3-босқичидан ўрин олган Қирғизистонга қарши баҳс олдидан Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Темур Кападзе матбуот анжуманида қатнашиб, ўз фикрларини билдирди.
“Бизни қизиқарли учрашув кутмоқда. Унинг нақадар муҳимлигини ҳис қилиб турибмиз. Тайёргарлик яхши кечди, ўз уйимизда, мухлисларимиз билан бирга ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз. Футболчи сифатида Қирғиз Республикасига қарши ўйинларда майдонга тушганман, бироқ ҳозир вазият бутунлай бошқача. У ерда ҳам футбол ривожланмоқда. Йигитлар учрашувга тайёр, барчалари соғ-саломат. FIFA кунлари бўлгани сабабли аксарият легионерларимиз кечроқ йиғинга қўшилди. Ўйлайманки, футболчиларимиз энг яхши ўйинларини намойиш этади. Жароҳатлар футболнинг ажралмас қисми. Чунки майдонда ҳақиқий кураш кечади. Миллий терма жамоа ўйинчиси ҳар қандай ҳолатга тайёр туриши керак. Албатта, ҳар бир футболчининг ўз ўрни бор, лекин таркибимиздаги бошқа ўйинчилар ҳам юқори савияда ҳаракат қилади ва Ҳусниддин Алиқуловнинг йўқлигини сездирмайди”, дейди Кападзе.
Кападзе шунингдек, Остон Ўруновнинг жароҳатига тўхталди.
“Остон Ўрунов кечаги машғулотларда ўзини ноқулай ҳис қилгани учун тўлиқ ҳаракат қила олмади, ҳозир шифокорларимиз назоратида. Таркибга Ҳожимат Эркиновни ҳам жалб этдик, чунки ҳар бир футболчи биз учун муҳим. Футбол жамоавий ўйин, шунинг учун ҳар бир футболчи бир-бирининг ўрнини тўлдира олиши керак. Ўз майдонимизда ўйин ўтказамиз, шунинг учун бор кучимизни ишга соламиз. Бугунгача ҳар бир учрашув юқори босим остида ўтган эди, бироқ футболчилар бунга бардош бериб, керакли натижаларни қўлга киритди. Олимпиадага йўлланмани қўлга киритган биринчи мураббий эканим тарихда қолди. Ҳозир олдимга қўйилган муҳим вазифам бор. Жамоамиз билан бирга бу вазифани уддалашимиз керак. Ҳаммаси ўз қўлимизда. Керакли очколарни жамғарсак, гуруҳдаги бошқа ўйинларга эътибор қаратишга ҳожат қолмайди. Энг муҳими шу. Асосий эътиборимиз Қирғизистонга қарши баҳсга қаратилган. Ўйин қандай кечишидан қатъи назар, рақибга имкон қолдирмаслик ва ғалаба қозониш учун ҳаракат қиламиз. Насиб бўлса, мухлисларимиз олдида юзимиз ёруғ бўлади”, дейди Кападзе.
Маълумот учун, Ўзбекистон-Қирғизистон ўйини Тошкент вақти билан 21:00 да старт олади. Учрашувга пойтахтдаги “Бунёдкор” стадиони мезбонлик қилади.
Live
Барчаси