ОФК Жаҳон чемпионати ва Осиё кубогига саралашнинг форматини ўзгартирди
Спорт
−
02 Август 2022
7025Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) 2026 йилда ўтказиладиган Жаҳон чемпионати ва 2027 йилда ўтказиладиган Осиё Кубоги саралаши форматини ўзгартирди. Бу ҳақда ОФК матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, ЖЧ-2026 нинг Осиё минтақасидаги саралаш мусобақаси тўрт босқичдан иборат бўлади.
Саралашнинг дастлабки босқичида, FIFA рейтингида 26-ўриндан 47-ўрингача бўлган терма жамоалар тўқнаш келади. Яъни, 22 та терма 11 та жуфтликка ажралиб, уй-сафар тизимида ўйнайди. Икки ўйин натижасига кўра, ғолибликни қўлга киритган 11 та терма жамоа саралашнинг иккинчи босқичига йўл олади.
Иккинчи босқичда, FIFA рейтингидаги ўрни энг юқори бўлган 25 та давлатга дастлабки саралашнинг 11 та ғолиб жамоаси қўшилади ва улар ҳар бири 4 тадан иборат гуруҳга бўлинади. Ушбу гуруҳларда биринчи ва иккинчи ўринни қўлга киритган 18 терма жамоа Жаҳон чемпионатига саралашнинг 3 босқичига чиқиш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, ушбу жамоалар Осиё кубоги-2027 да иштирок этиш имкониятини ҳам қўлга киритади.
Мундиалга саралашнинг учинчи босқичида, юқоридаги 18 терма жамоа 6 тадан учта гуруҳга ажратилади. Баҳслар уй-сафар тизимида ўтказилади. Ҳар бир гуруҳда биринчи ва иккинчи ўрин соҳиблари бўлган 6 та терма жамоа Жаҳон чемпионатида тўғридан-тўғри иштирок этиш имкониятини олади.
Якуний, тўртинчи босқичда юқоридаги 3 та гуруҳнинг учинчи ва тўртинчи ўринни олган 6 та термаси ҳар бир учталик икки гуруҳга бўлинади. Бу ерда 2 ва 3-босқичларда бўлгани сингари уй-сафар тизими ишламайди. Рақиблар ўзаро 1 мартадан тўқнаш келади. Иккита гуруҳнинг биринчи ўринни олган терма жамоалари 2026 йили АҚШ, Мексика ва Канадада бўлиб ўтувчи мундиал чиптасига эга чиқади. Гуруҳда иккинчиликни олган давлат вакиллари ўзаро баҳслашади. Ғолиб ОФК шарафини қитъалараро плей-офф учрашувида ҳимоя қилади.
Юқорида таъкидланганидек, саралашнинг иккинчи босқичини ғолиб сифатида якунлаган 18 та терма жамоа 2027 йилги Осиё кубогига тўғридан-тўғри йўлланма олади. Яна 18 та давлат вакиллари ва саралашнинг биринчи босқичида яхши натижа қайд этган 6 та терма жамоа ҳар бири 4 тадан бўлган гуруҳларга ажратилади. Ушбу 6 та гуруҳда биринчи ўринни эгаллаган давлатларга қитъа биринчилиги йўлланмаси тақдим этилади. Шу тариқа ЖЧ-2026 иштирок этадиган 8 та ва ОК-2027 да қатнашадиган 24 та давлат номи аниқланади.
Маълумот учун, АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтадиган мундиалда тарихда илк бор 48 та терма жамоа иштирок этади. Шу сабабли Осиё қитъасига 8 та квота ажратилган. Осиё кубогининг 2027 йилги баҳслари қайси мамлакатда бўлиб ўтиши ҳозирча маълум эмас.
LiveБарчаси