Одамларимизда отнинг калласидек юрак йўқ, улар давлат билан ўйнашишдан қўрқади – Кушербоев

Жамият

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 14 февраль куни Сурхондарёнинг Олтинсой туманида аҳоли ва ИИБ ходимлари орасида можаро содир бўлди.  Жанжал “Халқобод” маҳалласида яшовчи айрим фуқароларга тегишли мулкларнинг бузилиши ортидан келиб чиққан. Расмийларга кўра, аҳоли ҳудудда ноқонуний равишда уй-жой қуриб олган. Аҳоли эса ҳамма ҳужжатлар мавжудлигини айтмоқда. Мазкур масала кеча, 17 февраль куни “Ўзбекистон” телеканалида эфирга узатилган “Муносабат” ток-шоусида муҳокама қилинган. Унда Олий Мажлис Қонунчилимк палатаси депутати Расул Кушербоев ижро органининг хатти-ҳаракатларини қоралаган. 

“Масъулларнинг ўзлари қонунга амал қилиб, ўз ишини виждонан бажаришга ўтса, халқ ҳам ундан кейин ўзини тартибга солади. Қачонки, бизнинг масъулларимиз ўзлари қонунга амал қилмасдан, ҳамманинг кўз ўнгида очиқчасига, ҳар хил йўллар билан, ўз манфаати йўлида қонунларнинг баъзиларига амал қилиб, баъзиларига амал қилмай ишлайдиган бўлса, халқ ҳам ундан намуна олади”, дейди депутат. 

Сурхондарёлик фуқаро Донаева ўзига тегишли мулкка таҳдид бўлгандан буён депутат Расул Кушербоевга бир ярим ой ичида бир неча бор мурожаат қилган. 

“Ўрганиб чиқиб, ҳайрон қолдим. Қандай қилиб давлатнинг номидан лафз қилиб,Ю бузилган уйи ўрнига “мана, сенга қонуний”, деб ер беряпти, ҳужжат қилиб беряпти ва ўша одам унга ишониб уй қуряпти. Орада ҳоким ёки янги прокурор келиб, “ия, суғориладиган ерда экан, энди буни ҳам бузасан”, деяпти. Қани айтинг, энди у нима қилиши керак? У чиқяпти, чирқираяпти. Охири болта кўтариб чиқишга мажбур бўлди. Аёлни шунақа иш қилишга нима ё ким мажбур қилди? Масъулларнинг ўзлари мажбур қилди. Гап бу ҳақда кетмаяпти-да, йўқ бу суғориладиган ерга уй қурган дейиляпти”, дейди Кушербоев. 

Депутатнинг қайд этишича, суғориладиган ер важи билан уйларни бузиш тўғри эмас. Боиси, Тошкент вилоятининг деярли барча ҳудуди суғориладиган ерлар. Бунга тўхталаркан, депутат шундай дейди: 

“Мен бир нарсани тушунмаяпман. Мана, Тошкент вилоятини олайлик. Қанча уй-жойларимиз суғориладиган ерда қурилган. Ҳозир ҳаммамизнинг уй-жойимиз суғориладиган ерга тўғри келади. Чунки, Тошкент вилоятининг ҳамма жойи суғориладиган...”

Депутатга кўра, масъуллар, ҳокимликлар ва прокурорлар мамлакатда қабул қилинган қонунларга амал қилмайди. Улар қонун қарордан устун эканини билмайди ҳам.

“Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонунни қабул қилиб қўйганмиз. Марҳамат қилиб, масъуллар одамларнинг фойдасига келганда ҳам мана шу қонунларга қарасин. Нимага шунга амал қилмайди? Мен прокурордан сиз нима учун “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонунга қарамасдан протест киритяпсиз, деб сўрадим. Ахир фуқаронинг ҳокимиятнинг ҳужжатига ишонгани ва уй қургани унинг айби эмас-ку. Нимага қонунга қарамаяпсизлар, десам бу суғориладиган ер дейди. Қонун бор-ку бу ерда. “Йўқ, бу ерда қарор бор”, дейди. Кечириб қўясиз, қонун турган пайтда қарор ундан паст кучга эга бўлади. Қонун билан биз муҳофаза қилиб қўйганмиз. 

Бунда бир нарсани тўғри тушуниш керак: бундай ҳолатлар ўз-ўзидан бўлиб қолмайди. Одамларимизда отнинг калласидек юрак йўқ. Давлат билан ўйнашишдан қўрқади. Шунчаки бориб, ерни ололмайди. У бир кунда уйни қуриб қўядими? У йиллар давомида қуради уйни. Ўша ердаги масъул назоратчилар буни кўриб, билиб юради, лекин индамайди ёки ундан манфаатдор. Қачондир унинг хизматини қилиб, пулини олиб бўлган. Шунинг учун индамаяпти, рухсатини бериб қўйган. Нима учун шулар кўтарилмайди? Фуқаро қандайдир яширин йўл билан ҳам пулини тўлаяпти, ҳам мулкини бузиб ташлашяпти. Бошпанасидан айрилган одамнинг йўқотадиган яна нимаси қолади? У кейин кўчага чиқади”, деб таъкидлади Кушербоев. 

Депутатнинг фикрича, мамлакатда “снос” билан боғлиқ муаммолар авжига чиққан. Унга бўлаётган асосий мурожаатлар ҳам айнан мулк ҳуқуқи билан боғлиқ. Энг қизиғи, бузиш ишлари суднинг қарорисиз амалга оширилмоқда. 

“Агар битта ҳолат бўлганда, мен ҳам индамасдим. Бугун ҳам енга ўз округимдан 10 киши келди. Ҳаммасининг қўлида кадастр ҳужжати бор. Ҳаммасини бузасан, деб огоҳлантириш берилган. Қани бу ерда суднинг қарори? Масъулларимиз суднинг қароридан кейингина бузиш мумкин деган талабни эсдан чиқариб қўйдими? Нима учун бориб, сенга бир-икки кун муҳлат, бузасан дейишга ўтяпти? Бу нима дегани? Нега уларнинг ўзи қонунга амал қилмайди?”, дейди депутат. 

Расул Кушербоев сўзида давом этаркан, ўта оғриқли масалани ўртага ташлади. Унинг қайд этишича, мамлакатда фуқароларнинг уй қуриши учун доимий равишда ер ажратиб келинмаган. Фуқаро эса ўз уйи қаерга қурилаётганини билмаган ҳам. 

“Олтинсой ёки Сараосиё бўладими, Тошкент вилояти бўладими, фуқароларга шу пайтгача қонуний ва бепул йўл билан, ҳеч қандай пора сўрамасдан, суғорилмайдиган ерлардан мана бу ерда қурилиш қилиш мумкин деб доимий ер ажратиб келинганда эди, фуқаролар бундай яширин ишлар билан шуғулланмас эди”.

Кушербоев маҳаллий ҳокимликлар яқин 10 йил ичида аҳолини уй-жой учун суғорилмайдиган ерлар билан таъминламаганини, ер сўраб мурожаат қилган киши рад жавобини олишини айтади. Ҳолбуки, давлат лойиҳаси асосида қурилган намунавий уйлар ҳам суғорилган ерларга қурилгани, бироқ бунга келганда, кўз юмилишини қўшимча қилади. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

304

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг