Одамлар ва қушлар жанги: “Эму уруши”
Бу қизиқ
−
10 Март 12908 5 дақиқа
Ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида Австралия чўлларида мислсиз жанг бўлиб ўтди. Минглаб собиқ аскарлар ҳукумат томонидан таклиф қилинган имтиёзлар эвазига Ғарбий Австралияга кўчиб ўтди. Фермер хўжаликлари ташкил этаётган бу аскарларга “ноодатий душман” хавф солди – узун бўйли, уча олмайдиган қуш ҳисобланувчи эмулар овқат излаб янги ташкил этилган хўжалик ерларини пайҳон қилди.
Ҳукумат эса тез ва ғайриоддий қарор қабул қилди: 20 мингдан ортиқ эмуни йўқ қилиш учун пулемётлар билан қуролланган аскарлар юборилди. Дастлаб бу осон кўринган “амалиёт” эди, бироқ воқеалар мутлақо бошқача тус олди.
Ғайритабиий жанг

Биринчи жаҳон урушидан сўнг ҳукумат 5 мингдан ортиқ собиқ аскарни фермерлик билан банд қилиш учун Ғарбий Австралияга жойлаштиришни режа қилди. Аммо ҳудуднинг оғир шароитлари – унумсиз тупроқ ва беқарор ёғинлар деҳқончиликни қийинлаштирди. 1932 йили қаттиқ қурғоқчилик оқибатида 20 мингдан ортиқ эму қушлари озуқа излаб фермерлик ҳудудларига киришга мажбур бўлди. Улар нафақат экинларни пайҳон қилди, балки панжараларни бузиб, майда ёввойи ҳайвонларга ҳам йўл очди. Шундан сўнг, Австралия артиллериясининг иккита Льюис енгил пулемёти билан қуролланган уч аскари эмуларни йўқ қилиш учун етиб келди.

Мутахассислар фикрича, ўша пайтда одамлар эмуларни етарлича ўрганмагани, уларнинг ниҳоятда тез ва эпчил қушлар эканини билмагани сабабли операция назоратдан чиқиб кетди.
Дастлабки уч кунда атиги 30 та эму ўлдирилди. Қушлар майда гуруҳларга бўлиниб ҳаракатланишга ўтди.
“Уруш” ҳақидаги хабарлар тарқалгач, омманинг қизиқиши ортди. Одамлар ўзини эпчиллик билан ҳимоя қилаётган эмуларга қойил қолишди. Ҳаттоки, қушларнинг “жанговар бўлинмалар” ташкил қилиб, кузатувчилар ёрдамида аскарлардан қочиши ҳақида миш-мишлар тарқалди.
Тарқалиб кетган эмуларни юк машиналари ёрдамида тўплаб, пулемётчилар нишонига айлантиришга уринилган, лекин 88 км/соат тезликда югурувчи бу қушлар нотекис ерларга қочиб кетган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ҳаттоки енгил ўқлар уларни ўлдира олмаган – жароҳатланган эмулар яшаб кетган.
45 кунлик жанг давомида аскарлар 2,5 минг қушни ўлдиришга эришди. Кўп ўтмай, эмуларга нисбатан инсоний муносабатда бўлиш чақириқлари янгради ва ҳукумат операцияни тўхтатди. Эмулар эса бу жангда ғолиб бўлди!
Чўлнинг "ўлмаслари"

“Эму уруши” нафақат ҳарбий муваффақиятсизлик намунаси, балки бу қушларнинг ҳайратланарли даражада чидамлилигини ҳам кўрсатди. Бўйи қарийб 180 см, қадами эса 1 метрга етадиган эму учмайдиган ва динозаврлар авлоди саналувчи қушлардир. Кучли оёқ мушаклари уларни катта тезлик ва чидамлилик билан таъминлаб, 88 км/соат тезликда югуриш ва кунига 24 км масофани босиб ўтиш имконини беради.
Эмулардан "намунали ота" чиқади, дейиш мумкин. Улар урғочилари қўйган тухумларни 8 ҳафтагача инкубация қилади ва янги ёриб чиққан жўжаларни 6 ойгача парваришлайди.

Одатда эму ёлғиз ёки кичик оила гуруҳларида озуқа излайди. Бироқ қурғоқчилик даврида улар катта тўдаларга бирлашиб, мамлакат бўйлаб кенг миқёсдаги кўчишларни амалга оширади. Айнан шу табиий хатти-ҳаракатлар “Эму уруши” деб номланган ушбу воқеаларга сабаб бўлди.
Шунингдек, эмулар Австралия экотизимида муҳим ўринга эга. Улар йирик ҳудудлар бўйлаб уруғларни тарқатиб, ўсимликларнинг қайта тикланишига ёрдам беради.
Австралия рамзи
Экологик ролидан ташқари, эмулар чуқур маданий аҳамиятга ҳам эга. Қадимги австралияликлар афсоналарида эму чидамлилик, куч ва табиат билан боғлиқлик тимсоли ўлароқ кўрилади. Бу қушлар Австралия билан шунчалик чамбарчас боғланиб кетганки, улар мамлакат гербида, 50 центлик тангасида ва ҳатто спорт жамоалари логотипларида ҳам тасвирланган.

Ҳарбийларни муваффақиятсизликка дучор қилган бу қушлар мослашувчанлик ва омон қолиш рамзига айланди. Дунёнинг энг кичик қитъаси ва энг катта ороли бўлган Австралия давлатида 1999 йилдан буён эмулар қонун ҳимоясида. Улар барқарор популяцияга эришган ва ҳозирда эмулар сони 600 мингдан ортиқ.
Хитойдаги чумчуқлар қирғини
Инсон ва табиат можаролари ҳақида гап кетганида чумчуқларни қириш ортидан келган “Хитой очарчилиги” ҳақида эсламасликнинг иложи йўқ. 1958 йилда мамлакатда “Тўрт зараркунанда” кампанияси бошланди, унга кўра, пашша, чивин, каламуш ва чумчуқлар йўқ қилиниши керак эди. “Инсон табиатни забт этиши керак” – ташвиқот шиорига айлантирилди.

Одамлар чумчуқларни ўлдириш учун уларнинг уяларини бузиш, тухумларини ёриш, қувиш, қўнишга имкон бермаслик каби турли усулларни қўллади. Баъзи маълумотларга кўра, кампания оқибатида юзлаб миллион чумчуқлар ўлдирилган. Аслида эса бошқа турдаги қушлар ҳам катта зарар кўрган.

Орадан икки йил ўтгач, чигиртка каби ҳашаротлар назоратдан чиқиб кетди, ақл бовар қилмас тасодиф туфайли ўша йили катта қурғоқчилик ҳам кузатилди. Табиатдаги бундай номутаносиблик оқибатида миллионлаб одамлар очликдан ҳалок бўлди. Уларнинг сонини ҳеч ким аниқ билмайди. Хитой ҳукумати расман 15 миллион киши ҳалок бўлганини айтади. Журналист Ян Цзишэн ўзининг “Қабр тошлари: Буюк Хитой очлиги” китобида ҳалок бўлганлар сони 36 миллионни ташкил этганини ёзган.

Одамларнинг ҳаммаси ҳам фақатгина оч қолиб ҳалок бўлмаганини таъкидлаш керак. Мамлакат бўйлаб тартибсизликлар кучайиб кетган ва улар озиқ-овқат учун бир-бирларини ўлдирган.
Бугунга келиб, Хитой ҳамон ўзи яратган муаммони тан олмайди ва уни “Уч йиллик қийин давр” деб атайди.
Ҳолатни қандай номлашдан қатъи назар, чумчуқларни қириш кампанияси оқибатида юзага келган экологик офат келажак учун сабоқ берди.
Таъкидлаш керакки, Австралия ҳукумати ўз хатосини вақтида англаб етди ва катта муаммолар гирдобига тушиб қолишдан сақланди. Юқоридаги воқеалар инсонга “табиат иши”га аралашмасликни, ҳеч бир мавжудот шунчаки яратилмагани ва ҳар бирининг ўз вазифаси борлигини ҳисобга олишни ўргатди дейиш мумкин.
Live
Барчаси