Нукус воқеалари бўйича судланаётганлар нимада айбланаётгани очиқланди
3-саҳифа
−
28 Ноябрь 2022
9759Хабарингиз бор, бугун, 28 ноябрь куни Бухоро вилояти судида 1-2 июль кунлари Нукус шаҳрида содир бўлган тартибсизликларда айбланаётган 22 кишига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд мажлиси ўз ишини бошлади.
Бугунги суд мажлисида давлат айбловчиси томонидан ўқиб эшиттирилган айблов хулосасининг қисқача мазмунига кўра:
Д. Тажимуратов уюшган гуруҳ ташкил килиб, Қорақалпоғистон Республикасининг амалдаги ҳукуматини ағдариб, ўзини Жўқорғи Кенгес раиси лавозимига тайинлаш мақсадида жорий йилнинг 1-2 июль кунлари оммавий тартибсизликларни ташкиллаштирган;
Л. Каллиханова ушбу уюшган гуруҳга бирлашиб, ижтимоий тармоқлар орқали сепаратизм ғоялари билан йўғрилган, аҳолини оммавий тартибсизликка даъват қилувчи материалларни тарқатиб келган;
А. Турданов 1-2 июль кунлари Нукус шаҳридаги оммавий тартибсизликларда спортчиларни иштирок этишини таъминлаган ва Д. Тажимуратовни елкасига ўтказиб, Жўқорғи Кенгесни эгаллаш мақсадида олиб борган;
А. Сметуллаев ва Д. Джиемуратов 1-2 июль кунлари Қорақалпоғистон Республикаси туманларидан одамларни оммавий тартибсизликларга жалб қилган ва ўзи ҳам фаол иштирок этиб, Д. Тажимуратовни қўллаб-қувватлаганлар;
Б. Кадирбергенов одамларни оммавий тартибсизликка жалб қилиб, Жўқорғи Кенгес ва Нукус халқаро аэропорти биноларини босиб олишга даъват қилган;
Б. Сейтниязов Қозоғистон Республикасидаги "Аллаяр жолы" диаспора аъзоси бўлиб, оммавий тартибсизликларни ташкиллаштиришга ва Д. Тажимуратовни қўллаб-қувватловчи баннерлар тайёрлашга ёрдам берган;
А. Тоқимбетов 2 июль куни Хўжайли туманида йиғилган одамларга Қорақалпоғистон Республикаси мустақил бўлиши лозимлигини маълум қилиб, уларни оммавий тартибсизликка даъват қилиб, уларга етакчилик қилган;
Қ. Сейтимов 2 июль куни Қораўзак туманида одамларни тўплаб, уларни оммавий тартибсизликларга жалб қилиб, уларга етакчилик қилган;
А. Нуратдинов 2 июль куни Қонликўл туманида одамларни оммавий тартибсизликларга даъват қилувчи материалларни тарқатиб келиб, оммавий тартибсизликларда етакчилик қилган;
С. Медетов 2 июль куни Шуманай туманида одамларни оммавий тартибсизликларга даъват қилувчи материалларни тарқатиб келиб, оммавий тартибсизликларда етакчилик қилган;
Н. Найипов 2 июль куни оммавий тартибсизликларга даъват қилувчи видеомурожаат тайёрлаб, уни ижтимоий тармоқлар орқали тарқатган;
П. Шамшетов 2 июль куни одамларни оммавий тартибсизликларга жалб қилган ва ўзи ҳам уларда фаол иштирок этган;
Р. Бекмуратов 2 июль куни “Наупир” МФЙ ҳудудида оммавий тартибсизликни бартараф этиш учун сафарбар қилинган Миллий гвардия ходимларига ҳужум қилиб, уларга тан-жароҳат етказиб, “ПМ” маркали пистолетини олиб қўйган;
С. Каипов 2 июль куни “Наупир” МФЙ ҳудудида оммавий тартибсизликни бартараф этиш учун сафарбар қилинган Миллий гвардия ходимларига ҳужум қилиб, уларга тан-жароҳат етказган. Бундан ташқари, сепаратизм ғоялари билан йўғрилган видеомурожаат тайёрлаб, уни тарқатиш мақсадида сақлаб келган;
Б. Генжебаев 2 июль куни Шуманай туманида оммавий тартибсизликларда Фарғона вилоятидан келган ўзбек миллатига мансуб 3 нафар шахсни тўхтатиб, уларга тан-жароҳати етказиб, 3,6 млн. сўм миқдоридаги пулларини ва қатъий ҳисобдаги ҳужжатларини босқинчилик йўли билан олиб куйган;
С. Калилаев 2 июль куни Кегейли туманида оммавий тартибсизликларга етакчилик қилиб, миллатчилик замирида Андижон вилояти ҳокимлиги ШТАБига ўт қўйиб, мулкларини нобуд қилган;
П. Нурниязов 2 июль куни Нукус шаҳрида оммавий тартибсизликларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари фаолиятини чеклаш мақсадида йўлларни тўсиб, автошина ёқишда етакчилик қилган;
С. Калимов 1 июль кунидаги оммавий тартибсизликлар учун маъмурий қамоққа олинганларни озод қилиш мақсадида уларни сақлаш жойига ҳужум қилиб, ўт қўйган;
Н. Султамуратов 2 июль куни Нукус шаҳар ИИО ФМБга қилинган ҳужумда фаол иштирок этиб, дарахт ёқиб, йўлларни тўсган;
А. Темирханов 2 июль куни оммавий тартибсизликларда Хўжайли гузари кўчасида “Молотов коктейли”дан фойдаланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари фаолиятига қаршилик қилган;
А. Адилбеков 2 июль куни оммавий тартибсизликларда Тўрткўл гузари кўпригида “Молотов коктейли”дан фойдаланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари фаолиятига қаршилик қилган.
Маълумот учун, Қорақалпоғистонда бўлиб ўтган воқеаларни мустақил равишда ўрганган Комиссия аъзолари таклифи ва Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси илтимосномасига кўра Бош прокуратура томонидан 107 нафар айбланувчи жамоат кафиллиги ва қамоқ эҳтиёт чораси инсонпарварлик тамойили асосида уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасига алмаштирилиши орқали ўз оиласи бағрига қайтарилди.
Бош прокуратура томонидан 2022 йилнинг 30 август куни 34 нафар, 13-14 октябрь кунлари 38 нафар ҳамда 1 ноябрь куни 35 нафар айбланувчи ўз оиласига қайтарилди.
LiveБарчаси