Ноябрда нархлар қанчага ўсгани очиқланди
Жамият
−
02 Декабрь 2019
5830Жорий йилнинг ноябрида Ўзбекистонда истеъмол нархлари даражасининг ой давомидаги ўртача ўсиш суръати 1,7 фоизни ташкил қилди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар берди.
Жорий йил бошидан истеъмол бозоридаги товарлар ва хизматлар нархлари 13,3 фоизга қимматлашди. 2018 йилнинг ноябрь ойига нисбатан республика истеъмол секторидаги ўртача нархлар даражаси 15,6 фоизга ошган.
Маълумот ўрнида, 2018 йилнинг ноябрида товар ва хизматлар нархлари ой давомида ўртача 2,3 фоизга, 2017 йилнинг декабрь ойига нисбатан 12,0 фоизга, 2017 йилнинг ноябрига нисбатан эса 16,5 фоизга қимматлашган.
Ўртача ойлик нарх индекслари ўсиш суръатининг ҳисобланиш тартибига кўра, 2019 йилнинг январь-ноябрь ойлари давомидаги истеъмол нархлари индекси 1,1 фоизни, 2018 йилнинг январь-ноябрида эса 1,0 фоизни ташкил этган. Шу тариқа, ноябрь ойи давомида умумий истеъмол нархлари индекси жорий йилнинг январь-ноябрь ойларидаги ўртача ойлик ўсиш суръати кўрсаткичидан 0,6 даражага юқори бўлди.
2019 йилнинг январь-ноябрь ойлари давомидаги нархларнинг энг юқори ўсиши ва пасайиши август (ўсиш суръати 2,9 фоиз) ҳамда июнь (пасайиш даражаси 0,5 фоиз) ойларига тўғри келади. Шу тариқа, жорий йилнинг ноябрь ойидаги истеъмол нархлари индекси ўсиш суръати 2019 йилнинг январь-ноябрь ойидаги максимал кўрсаткичдан 1,2 даражага паст, минимал натижадан 2,2 даражага юқори бўлди.
Маълумот учун, ўтган йилнинг мос давридаги қисқа даврли ойлик истеъмол нархлари индекси динамикаси таҳлили натижаларига кўра, умумий кўрсаткичнинг энг юқори ўсиши январь ойида (2,7 фоиз), сезиларли даражада пасайиши эса июнь ойида (0,4 фоиз) қайд этилган.
2019 ва 2018 йилларнинг ўн бир ойи давомидаги қисқа даврли ойлик умумий истеъмол нархлари индекси таққослаш натижалари шуни кўрсатмоқдаки, кўрсаткичлар орасидаги максимал чекиниш яна август ойида (2019 йилдаги 102,9 фоизга қарши 2018 йилдаги 100,3 фоиз), ноябрь ойидаги фарқ эса 0,6 даражани ташкил этган (2019 йил ноябрдаги 2,3 фоизга қарши 2018 йил ноябрь ойидаги 1,7 фоиз).
Ўтган йилнинг охирига нисбатан озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари 14,8 фоиз, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 10,4 фоиз ва хизматлар 14,9 фоизга қимматлашган.
LiveБарчаси