Нотариус бўлиб ишлашнинг энг юқори ёши оширилди

Жамият

image

Ўзбекистонда нотариус бўлиб ишлашнинг энг юқори ёши 65 ёшдан 70 ёшга оширилди. Бу ҳақда Президентнинг кеча, 9 сентябрь куни қабул қилинган “Нотариат институтини янада ривожлантириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида сўз боради. 

Қарорга кўра, 2026 йил 1 мартдан БҲМнинг 1 000 бараваригача бўлган қуйидаги низосиз талаблар бўйича нотариуслар томонидан ижро хатлари ёзиш тартиби жорий этилади:

  • нотариал тасдиқланган битимларга асосланган талаб;
  • ёзма ва нотариал тасдиқланган битим мавжуд бўлган тақдирда, ундирувни қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти бўлган кўчар мол-мулкка қаратиш тўғрисида талаб;
  • ижара тўловлари, кўп квартирали уйлардаги жойларнинг мулкдорларидан мажбурий бадал ва тўловлар, коммунал ва алоқа хизматлари бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида талаблар.

Шунингдек, 2026 йил 1 апрелдан Ўзбекистонда нотариус лавозимида бўлишнинг энг юқори ёш чегараси 65 ёшдан 70 ёшга оширилади.

Бунда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Олий малака комиссияси  томонидан ўтказиладиган суҳбат натижасига кўра нотариус ўз розилиги билан иш фаолиятини 70 ёшгача амалга ошириши мумкин.

Қарорга кўра, 2026 йил 1 апрелдан давлат нотариал идораси нотариусини лавозимига тайинлаш бўйича танлов ва хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини бериш бўйича малака имтиҳони ўрнига ахборот технологияларидан фойдаланиб, 2 босқичли ягона танлов тартиби жорий этилади:

  • 1-босқичда талабгорлар давлат ва жамият бошқаруви ҳамда коррупцияга қарши курашиш, фуқаролик ҳуқуқи, нотариат ва ворислик ҳуқуқи соҳалари бўйича тест синовларидан ўтади. 
  • 2-босқичда тест синовларидан муваффақиятли ўтган талабгорлар Олий малака комиссияси томонидан ўтказиладиган амалий имтиҳонда нотариал ҳаракатларнинг лойиҳаларини махсус электрон платформада тайёрлайди ва муаммоли масалага (казусга) жавоб беради.

Шунингдек, 2026 йил 1 апрелдан:

  • хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус касбий фаолиятини узрли сабабларга кўра бажара олмаганда, унинг аризасига асосан лицензиясининг амал қилиш муддати тўхтатиб турилади;
  • нотариус лицензиясининг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатишдан ташқари огоҳлантириш ва жарима кўринишидаги муқобил таъсир чораларини қўллаш механизми жорий этилади;
  • нотариал расмийлаштирилган барча ҳужжатлар нотариуснинг имзоси, муҳри ва/ёки QR код (матрик штрихли код) билан тасдиқланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жорий йилнинг 1 декабридан бошлаб Ўзбекистонда никоҳни расмийлаштиришда ФҲДЁ органлари томонидан никоҳланувчи шахслардан тиббий кўрик натижаларини тақдим қилиш талаби бекор қилиниши ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

нотариус “Нотариат институт

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг