Нипаҳ вируси сабаб қатор Осиё давлатлари назоратни кучайтирди

Олам

image

Ҳиндистонда ўлимга олиб келувчи Нипаҳ вируси тарқалиши фонида Индонезия, Вьетнам, Таиланд ва Малайзия мамлакатга киришда назорат чораларини кучайтирди. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берди.

Қайд этилишича, Индонезия ва Таиланд йирик аэропортларда текширувларни кучайтириб, йўловчиларнинг соғлиғини текшириш, тана ҳароратини ўлчаш ҳамда визуал мониторингни жорий этган. Бу чоралар Ҳиндистонда Нипаҳ вирусининг тарқалиши билан боғлиқ.

Мьянма Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам фуқароларга Ҳиндистоннинг Ғарбий Бенгалия ҳудудига зарурат бўлмаса сафар қилмасликни тавсия этган. Шунингдек, мамлакат аэропортларида коронавирус пандемияси даврида жорий этилган ҳароратни назорат қилиш тартиби яна кучайтирилгани билдирилган.

Вьетнам Соғлиқни сақлаш вазирлиги маҳаллий ҳокимиятларга чегара ўтиш пунктлари, тиббиёт муассасалари ва аҳоли яшаш жойларида назоратни кучайтириш бўйича топшириқ берган.

Малайзия ҳукумати эса халқаро кириш пунктларида тиббий кўрик жорий этилганини маълум қилган.
 
Бундан ташқари, Хитой чегарадош ҳудудларда касаллик тарқалишининг олдини олиш чораларини кучайтирган. Соғлиқни сақлаш органлари хавфларни баҳолаш ишларини бошлаган ҳамда тиббиёт ходимлари учун махсус тайёргарлик олиб бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистоннинг Калькутта шаҳри яқинида Нипаҳ вирусининг ўлим билан кечувчи ҳолати қайд этилгани ҳақида хабар берилган эди. Ғарбий Бенгалия штатида ушбу вирус билан касалланишнинг беш ҳолати аниқланган бўлиб, улардан учтаси ўтган ҳафта қайд этилган. Хусусан, шифокор, ҳамшира ва тиббиёт муассасаси ходими зарарланган.

Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабековга кўра, мамлакатда Нипаҳ вируси билан касалланиш ҳолатлари ҳамда унинг ҳудудга кириб келиши қайд этилмаган. Шунингдек, мамлакатдаги эпидемиологик вазият барқарор ва тўлиқ назорат остида.


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳиндистон Нипаҳ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг