Ниқоблар вирусдан 100 фоиз ҳимоя қила олмайди – эксперт
Жамият
−
20 Август 2020
6395Дунё бўйлаб пандемия давом этаётганига 8 ой тўлди. Айни вақтда деярли барча мамлакатлар фуқаролардан уч қоидага ؘ– озодалик, ижтимоий масофа сақлаш ва энг асосийси тиббий ниқоб тақишни талаб қилмоқда. Кўплаб давлатларда ниқоб тақмаганлик учун жазо чоралари белгиланди. Хўш, тиббий ниқоб бизни вирусдан тўлиқ ҳимоя қиладими? Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Абдусаматованинг фикрича, ниқоблар бизни вирусдан 100 фоиз ҳимоя қила олмайди.
“Ниқоблар инфекция юқишидан 100 фоиз ҳимоялай олмайди. Бироқ, коронавирус инфекцияси ташувчиси ниқобдан фойдаланганида, унинг вирусни бошқа одамга юқтириш эҳтимоли бир неча мартага камаяди. Шунинг учун ниқоблар мабодо сиз симптомсиз, коронавирус инфекциясининг ташувчиси бўлсангиз ҳамда ўзингиз бундан бехабар бўлсангиз, вирусни бошқаларга юқтириш эҳтимолини кескин камайтириш учун керак”, дейди Барно Aбдусаматова.
Мутахассиснинг таъкидлашича, баъзи давлатларда ниқоб тақиш бутунлай бекор қилингани йўқ. Транспортда, бозорлар, дўконлар ва бошқа жамоат жойларида ниқоб тақиш талаби сақланиб қолган. Фақатгина кўчада юрганда ижтимоий масофа сақлаган ҳолда нқобсиз юриш тавсия этилган. Ҳар бир давлат касаллик профилактикасига қаратилган ўзининг тартибини белгилайди ва амалга оширади. Ўзбекистонда эпидемиологик вазият барқарорлашмагунча ниқоб тақиш шарт.
Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси илк бор қайд этилган кунлардан бошлаб тиббий ниқобларни тақиш мажбурий этиб белгиланган. Бу эса вирусни тарқалиш занжирининг олдини олади.
Aҳрорбек Ҳайруллаев
LiveБарчаси