Нетаньяху АҚШ ҳарбий ёрдамидан воз кечмоқчи (видео)
Олам
−
11 Май 2803 2 дақиқа
Исроил АҚШ томонидан ҳарбий соҳада кўрсатиладиган молиявий кўмакни қисқартириш ниятида. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири Биньямин Нетаньяху кеча, 10 май куни эфирга узатилган CBS News телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Американинг молиявий ёрдамини қисқартириш имкониятини кўриб чиқяпсизми, деган саволга Исроил Бош вазири ижобий жавоб берган.
“Шубҳасиз. Мен бу ҳақда Президент Трампга айтдим. Мен Американинг молиявий кўмагини, ҳарбий ҳамкорлигимизнинг молиявий қисмини ноль даражасига туширишни истайман. Чунки биз ҳар йили 3,8 миллиард доллар оламиз. Менимча, ҳарбий ёрдамнинг қолган қисмидан воз кечиш вақти келди”, дейди Нетаньяху.
У ушбу жараённи дарҳол бошлаб, ўн йил ичида якунлашни исташини қўшимча қилган.
Маълумот учун, Амалдаги келишувга кўра (унинг муддати 2028 йилда тугайди), АҚШ ҳар йили Исроилга юқорида қайд этилган миқдорда маблағ ажратиши кўзда тутилган. Бироқ Браун университети ҳузуридаги “Costs of War Project” тадқиқот марказининг маълумотларига кўра, 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС Ғазо секторидан Исроил ҳудудига кириб борганидан кейинги даврдан бошлаб 2025 йил октябригача бўлган вақт ичида АҚШнинг Исроилга кўрсатган ҳарбий ёрдами жами 21,7 миллиард доллардан ошган.
“Pew” тадқиқот марказининг яқинда ўтказилган сўровномасига кўра, катта ёшли америкаликларнинг 60 фоизи Исроилга нисбатан салбий муносабатда эканлигини билдирган. Бу тўрт йил олдинги кўрсаткичга нисбатан деярли чорак қисмга кўпдир. Бундай муносабатнинг асосий сабабларидан бири сифатида Ғазодаги уруш кўрсатилмоқда. Маҳаллий Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, у ерда 70 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган.
Телеканалнинг қўшимча қилишича, жаноб Нетаньяхунинг ўзи ҳам Исроилни қўллаб-қувватлаш даражаси пасайганини аниқ англаб турибди. У мамлакатнинг обрўсига етказилган зарарни ижтимоий тармоқлар билан изоҳлаб, уларни урушнинг “саккизинчи фронти” деб атаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, сўнгги 24 соат ичидаги Исроил ҳужумлари Ливанда 51 кишининг ўлимига сабаб бўлгани, улар орасида икки нафар тиббиёт ходими ҳам борлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси