Ўзбек спорти оғир жудоликка учради
Спорт
−
17 Март 2020
46040Жорий йилнинг 15 март куни ўзбек спортининг ҳақиқий фидоийси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт тренери, устоз Бахтиёр Носирович Козимов 63 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати маълум қилди.
Бахтиёр Носирович 1980 йилдан буён Самарқанд шаҳридаги ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабида чим устида хоккей бўйича тренер сифатида фаолият юритиб келган. 40 йиллик меҳнат фаолияти давомида у кўплаб ёш ўғил-қизларни тарбиялаб, уларни дастлаб Самарқанд вилояти терма жамоаси, кейинчалик Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибидан жой олишлари ҳамда Халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритишларига яқиндан кўмак берди.
Бахтиёр Козимовнинг самарали меҳнатлари муносиб эътироф этилган ҳолда 1988 йил Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт мураббийи (тренери) унвони билан тақдирланди.
Шунингдек, Бахтиёр ака Республика Олий спорт маҳорати мактабининг чим устида хоккей бўлимида Ўзбекистон миллий терма жамоаси тренери сифатида ҳам самарали фаолият олиб борди. Унинг шогирдлари орасидан М.Холматов, Д.Шарипов, О.Назаров, З.Ғаниева, Э.Черкезова, Т.Амриддинова, Ш.Толибова ва бошқалар кўплаб Республика ва халқаро турнирлар ғолиби бўлишган.
Бахтиёр Козимов мамлакатимизда ёш авлодни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш билан бир қаторда меҳрибон ота ва талабчан устоз сифатида яқинлари, қолаверса спорт мактаби ходимлари, тренерлар ва спортчилар хотирасида мангу қолади.
QALAMPIR.UZ таҳририяти Бахтиёр Козимовнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдиради.
LiveБарчаси