НАТО Украина томонида. Киев ҳарбий блокка қўшила оладими?
Таҳлил
−
14 Апрель 2021
10320НАТО Россия қўшинларининг Украина билан чегарага жойлашишини “асоссиз ва тушунарсиз” ҳаракат, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда кеча, 13 апрель куни НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба билан учрашувдан сўнг, матбуот анжуманида айтиб ўтди.
“НАТО минглаб Россия қўшинларининг Украина билан чегарага жойлашишини диққат билан кузатмоқда. 2014 йилдан бери ҳарбий ҳолатнинг бу даражадаги кучайиши кузатилмаган. Ушбу ҳаракатлар асоссиз ва тушунарсиз бўлиб қолмоқда”, дея таъкидлади Столтенберг.
Унга кўра, НАТО Украинанинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тўлиқ қўллаб-қувватлайди.
Фото: Дмитрий Кулеба ва Йенс Столтенберг
Шунингдек, НАТО Бош котиби Россияни Донбассни қўллаб-қувватлашни тўхтатишга ва “ҳарбий кучларни Украина ҳудудидан” олиб чиқишга чақирган.
“НАТО Украина томонида. Мамлакат ўз хавфсизлигини яхшироқ таъминлаши учун НАТО давлатлари уни қўллаб-қувватлашда давом этмоқда”, дея қўшимча қилди у.
Украина маҳаллий ОАВга кўра, Россиянинг Украина билан чегара ҳудудига тўплаган ҳарбийларининг сони 80 мингдан ошган.
НАТО ва Украина ўртасидаги алоқа
Бугунги кунда Украина НАТОнинг тўлиқ аъзосига айланиш ҳаракатида бўлса-да, буни амалга ошириш ҳар қачонгидан ҳам қийин. Бунга қарамасдан, Украина ҳарбий-сиёсий блок сафига қўшилиш йўлида бир нечта қадамни босиб ўтган.
Хусусан, Украина Президенти Владимир Зеленский “НАТО-Украина Комиссияси ҳомийлигида 2020 йилга мўлжалланган йиллик миллий дастур тўғрисида”ги фармонни имзолаган бўлса, ўша йилнинг ўзида НАТО Украинага кенгайтирилган имкониятларга эга шериклик мақомини тақдим қилган. Бундан ташқари, НАТО Украина ҳарбийларини тайёргарликдан ўтказишда ёрдам бериб келмоқда.
Украина нега НАТОга қўшила олмайди?
АҚШ НАТОнинг янги аъзоларга эга бўлишини ёқлаган, Туркия Украинанинг ҳарбий блокка қўшилишини қўллаб-қувватлаган. Бироқ, Украина альянс стандартларига жавоб бермайди.
Ҳозирча, Украина НАТОга аъзосига айланиш стандартларига мос эмас. Бунга бир томондан мамлакатдаги коррупция даражасининг баландлиги, иккинчи томондан Украина ҳал қилинмаган, баҳсли ҳудудларга эга экани сабаб бўлмоқда.
Маълумки, Россия Федерацияси Украинага тегишли бўлган Қрим яриморолини 2014 йилги референдум натижасида ўзига қўшиб олган. Украина эса бу яриморолни ҳали ҳам ўзиники, бироқ вақтинчалик босиб олинган ҳудуд деб ҳисоблайди.
Бундан ташқари, Украинадаги 2014 йилги сиёсий инқироз туфайли мамлакат шарқида жойлашган икки вилоят – Донецк ва Луганск ўзини-ўзи мустақил деб эълон қилган. Украина ҳар иккала қарорни ҳам тан олмайди.
Шу билан биргаликда, АҚШ Президентининг матбуот котиби Женнифер Псаки Оқ уй Украинанинг ушбу ҳарбий блокка қўшилиши тарафдори эканини, бироқ қарорни НАТОнинг ўзи қабул қилишини маълум қилган.
LiveБарчаси