Наманганда 4 минг долларга наркотик сотишга уринган шахс қўлга тушди (видео)
3-саҳифа
−
09:40 530 2 дақиқа
Наманган вилоятида 500 грамм “гашиш” гиёҳвандлик воситасини 4 минг АҚШ долларига сотмоқчи бўлган эркак ушланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, ёшлар орасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тарқалишининг олдини олишга қаратилган тезкор-профилактик тадбирлар давомида Наманган вилояти ИИБ ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Унда Фарғона вилояти Олтиариқ туманида яшовчи, 1984 йилда туғилган эркак ўзи билан олиб юрган кўк рангли полиэтилен ўрамдаги моддани шартли харидорга 4 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Экспертиза хулосасига кўра, олиб қўйилган модда таркибида фаол тетрагидроканнабинол мавжуд бўлган гашиш гиёҳвандлик воситаси экани аниқланган. Унинг соф оғирлиги 500 грамм бўлиб, бу 5 минг дозага тенг.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Тўрақўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 6-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланган иккита онлайн дўкон фаолиятига чек қўйилганди. Уларнинг бири орқали 213 нафар, иккинчиси орқали эса 703 нафар мижозга наркотик моддалар таклиф этилиб, сотилгани хабар қилинган эди.
Live
Барчаси