Муфтий Нуриддин Холиқназаров Озарбайжон Президентига Мирзиёевнинг саломини етказди
Жамият
−
01 Май
5990Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев бугун, 1 май куни Туркий давлатлар ташкилотига аъзо ва кузатувчи давлатларнинг мусулмон диний етакчиларидан иборат делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, делегация таркибида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Нуриддин Холиқназаровдан ташқари Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси Наврўзбой Отпенов, Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси Абдулазиз Зокиров, Шимолий Кипр Турк Республикаси диний ишлар бўлими раҳбари Аҳмет Унсал ҳам бор.
Учрашувда VI Бутунжаҳон маданиятлараро мулоқот форумининг аҳамияти ҳақида сўз юритилган. Мазкур тадбир халқлар ва турли дин вакиллари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшгани маълум қилинган.
“Президент Илҳом Алиев туркий тилли давлатлар ўртасидаги дўстлик ва қардошлик муносабатлари муваффақиятли ривожланиб бораётганини таъкидлаб, шу билан бирга, ушбу мамлакатлар диний етакчилари ўртасидаги ҳамкорлик муҳимлигини қайд этди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, учрашув давомида меҳмонларнинг ишғолдан озод қилинган ҳудудларга ташрифи муҳимлигига тўхталиб, бу ташриф у ерда кечаётган жараёнлар билан яқиндан танишиш учун қулай имконият яратиши билдирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Нуриддин Холиқназаров Озарбайжон етакчисига Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг саломини етказган. 2023 йилнинг август ойида Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга давлат ташрифи чоғида Фузулий шаҳрида Ўзбекистон томонидан қурилган 1-рақамли Мирзо Улуғбек номидаги ўрта мактаб фойдаланишга топширилгани эсга олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ муфтий Нуриддин Холиқназаров Ислом олами уюшмаси Олий кенгаши аъзолигига қабул қилинган эди.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь