Москвада 33 ёшли марказий осиёлик аёл ваҳшийларча ўлдирилди

Олам

image

Россия Тергов қўмитасининг Москва шаҳри бўйича бошқармаси Қирғизистон фуқароси, 33 ёшли Айгерим исмли аёлнинг ваҳшийларча ўлдирилиши юзасидан тергов олиб бормоқда. Унинг қариндошлари Люблинская кўчасидаги ижарага олинган хонадондаги диван ичидан аёлнинг зўравонлик аломатлари бўлган жасадини топган. Бу ҳақда МК хабар берди.

Маълум бўлишича, аёл Москвадаги шифохоналардан бирида фаррош бўлиб ишлаган ва икки нафар ватандоши билан бирга икки хонали хонадонда ижарада яшаган. Аёл жорий йилнинг 8 май куни алоқага чиқмай қолган. Кузатув камералари унинг соат 21:00 атрофида ўз подъездига кирганини қайд этган, шундан сўнг у изсиз ғойиб бўлган.

Йўқолган аёлнинг синглиси 12 май куни у яшаган манзилга борган. Ўша пайтда уйда ижарачилардан бири бўлган. Қариндош аёл хонадонни кўздан кечирган, бироқ шубҳали ҳеч нарса сезмаган.

Оила аъзолари 18 май куни яна ўша хонадонга борган. Кўздан кечириш давомида яқинлари диваннинг ички (чойшаблар сақланадиган) қисмидан жасадни топган. Жиноятчилар қурбонни полиэтилен пакетларга ўраб, скотч билан боғлаб ташлаган. Суд-тиббий экспертлари марҳуманинг бўйнида кесилган жароҳат ва қўл кафтларида шикастланишлар борлигини қайд этган. Қўлдаги жароҳатлар аёл ҳужумчилардан қаттиқ ҳимояланганидан далолат беради.

Полиция ходимлари жиноят жойидан учта пичоқ (уларнинг иккитасида қон излари топилган), қайчи, скотч рулонлари ва ётоқ анжомларини ашёвий далил сифатида олган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари марҳуманинг 31 ёшли қўшнисини (бирга яшаган ижарачини) дарҳол ҳибсга олган. Иккинчи ижарачи, 30 ёшли Қирғизистон фуқароси эса 11 ва 12 май оралиғида хонадонни шошилинч тарзда тарк этган. Терговнинг дастлабки маълумотларига кўра, ушбу эркак Қозоғистонга қочиб кетган.

Терговчилар Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 105-моддаси 1-қисми (қотиллик) билан жиноят иши қўзғатган ва фожианинг барча тафсилотларини ўрганишда давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Москва шаҳрида уч нафар қирғизистонлик ис газидан заҳарланиб вафот этган эди.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия қотиллик Москва

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг