Москва Вашингтонни “қизил чизиқ”дан ўтмаслик ҳақида огоҳлантирган – Россия ТИВ
Олам
−
13 Август 2022
11919Россия АҚШни ўзаро дипломатик муносабатлар буткул тўхтатишга сабаб бўладиган “қизил чизиқ” ҳақида огоҳлантирган. Бу ҳақда Россия ТИВнинг Шимолий Америка департаменти директори Александр Дарчиев ТАССга берган интервьюсида айтиб ўтган.
Дипломатга Москва ва Вашингтон ўртасидаги дипломатик муносабатлар даражасини пасайтириш имконияти кўриб чиқиляптими, деган савол берилган.
“Қўшма Штатлар бошчилигидаги ғарбликлар халқаро ҳуқуқ ва дипломатик амалиётда мутлақ тақиқларни оёқ ости қилган ҳозирги нотинч вазиятда нима мумкин ва нима бўлмаслиги ҳақида фаразий баҳсларга киришни истамайман”, деган Дарчиев.
ТИВ вакили АҚШ Конгрессида Россияни терроризм ҳомийси деб тан олиш тўғрисидаги қонунчилик ташаббусига муносабат билдириб, Вашингтон бу масалада огоҳлантирилганини қўшимча қилди.
“Шу нуқтаи назардан, мен Конгрессда Россияни “терроризмнинг ҳомийси” деб эълон қилиш бўйича ҳозирда муҳокама қилинаётган қонунчилик ташаббусини эслатиб ўтаман. Агар у амалга оширилса, бу Вашингтон икки томонлама дипломатик муносабатларга жиддий зарар етказган ҳолда қайтиб бўлмайдиган нуқтадан ўтиб кетганини англатади. Америка томони огоҳлантирилган”, дейди ТИВ расмийси.
Маълумот учун Россия Федерациясини терроризм ҳомийлари рўйхатига киритиш чақириғи билан Украина АҚШга мурожаат қилган. Шунга ўхшаш таклифлар АҚШ Конгрессининг бир қатор аъзолари томонидан ҳам билдирилган. Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова аввалроқ бу ташаббусларни “аҳмоқона ўлчов” деб атаган. Дипломат АҚШнинг бундай қадамлари Россия томонидан жавобсиз қолмаслигидан огоҳлантирган.
АҚШ Сенати Россияни террорчилар ҳомийлари рўйхатига киритиш ҳақида резолюция қабул қилиб, Давлат департаментига юборди. Бироқ у мажбурий кучга эга эмас. Шундан сўнг Конгресснинг Вакиллар палатаси Департаментни мажбурлаш кучига эга бўлган ҳужжат ишлаб чиқишга киришди.
Терроризм ҳомийлари рўйхатига Вашингтон назарида халқаро террорчилик ҳаракатларини қайта-қайта қўллаб-қувватлаган давлатлар киритилиши мумкин. Америка маъмурияти рўйхатдаги давлатларга нисбатан санкциялар қўллаш нуқтаи назаридан кенг ваколатларга эга. АҚШ Молия вазирлиги ушбу юридик ва жисмоний шахсларга, шунингдек, рўйхатдаги мамлакатлар билан савдо қилувчи давлатларга қарши чоралар кўриши мумкин. 1979 йилдан бери Вашингтон маъмурияти ўз рўйхатига фақат оз сонли давлатларни қўшган. Рўйхатга ҳозирда Эрон, Шимолий Корея, Куба ва Сурия киритилган.
LiveБарчаси