Суғуртасиз автомобилларни “штрафной”га олмаслик тўғрисида қонун ишлаб чиқилди
Жамият
−
18 Август 2020
13667Депутатлар авторанспорт воситасини суғурта йўқлиги учун жарима майдонига қўйилмаслик ҳақида қонун лойиҳаси ишлаб чиқишди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев маълум қилди.
Қайд этиш керакки, яқинда “Mening fikrim” мурожаатлар порталида “Автотранспорт воситасининг суғуртаси йўқлиги ёки техник кўрикдан ўтмаганлиги туфайли жарима майдонига қўйиш амалиётини бекор қилиш ҳақида”ги таклиф 10 000 дан ортиқ овоз олган эди.
Депутатнинг сўзларига кўра, ушбу петиция тегишли тартибда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилган.
“Ушбу таклиф низомга мувофиқ Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан уни амалга ошириш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди”, дейди Кушербоев.
Қонун лойиҳасида транспорт воситалари эгаларининг ўз фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилмаганлиги (ёки ДЙҲХХ ходими сўраган вақтида ёнида бўлмаганлиги) учун транспорт воситасини жарима майдонида мажбурий ушлаб туриш амалиётини бекор қилиш назарда тутилмоқда.
“Ўрганишлар ҳорижий давлатларда хусусан Германия, Англия, Россия Федерацияси, Беларусь, АҚШнинг бир қатор штатларида фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полислари бўлмаса, маъмурий жарималар белгиланган бўлиб, бироқ транспорт воситасини ушлаб туриш кўрсатилмаганлигини кўрсатмоқда”, деган депутат.
Таъкидланишича, Қонун лойиҳаси тез орада Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида кўриб чиқилади.
LiveБарчаси