Марказий Осиёни “тебратаётган” аёллар кимлар?

Таҳлил

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати TOP-40: Марказий Осиёнинг етакчи аёллари рўйхатини тузди. Ушбу рўйхатда Ўзбекистон Биринчи хоними – “Замин” халқаро жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева пешқадам бўлди. Бу рўйхатдан унинг қизи – Ўзбекистон Президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева ҳам ўрин олган.

“Юксалиш”нинг қайд этишича, ушбу рейтингга киритилган аёллар минтақада турли соҳаларга, шу жумладан сиёсат, бизнес, таълим, фан, санъат ва ижтимоий масалаларга ижобий таъсир кўрсатган. 

“Номзодлар рўйхати шакллантирилгач, Ҳаракатнинг минтақа миқёсидаги экспертлар гуруҳига тақдим этилди. Экспертлар номзодларни ҳам математик, ҳам эмпирик методларга таянган ҳолда саралади”, дейилади хабарда. 

Рўйхатнинг иккинчи ва учинчи ўринларини мос равишда Қирғизистон биринчи хоними Айгул Жапарова ва Тожикистон биринчи хоними Азизмо Асадуллаева банд этган. Кейинги ўрин эса Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Норбоевага насиб қилган. Шунингдек, Марказий Осиёнинг барча республикалари парламентларида раис ва раис ўринбосари лавозимларида ишлаб келаётган аёллар мазкур рейтингга киритилган.

Экспертларнинг таъкидлашича, рўйхатда биринчи хонимлардан кейин эътироф этилган Танзила Норбоева Ўзбекистон тарихида Сенатга раислик қилаётган илк аёл. Бунгача у Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси, Бош вазир ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимларида фаолият юритган. “Шуҳрат” медали, “Фидокорона хизматлари учун” ордени, И даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланган. 2019 йилда “Энг фаол давлат арбоби – Ўзбекистонда йил одами” сифатида эътироф этилган”.

Шунингдек, Норбоева Россия Президенти Владимир Путин номидан “халқлар ўртасидаги ҳамкорлик ва ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун” “Дўстлик” ордени билан ҳам тақдирланган. Унга бу орденни россиялик ҳамкасби Валентина Матвиенко топширган эди.

Эътиборли жиҳати, 2010 йилнинг июнь ойида содир бўлган ва тарихга “Ўш воқеалари” номи билан кирган қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида этник можаронинг асосий айбдорлари рўйхати бошида қўли қонга ботган раҳбар сифатида кўриладиган Қирғизистоннинг собиқ президенти Роза Отунбоева ҳам рўйхатдан жой олган. Айни вақтда у БМТ бош котибининг Афғонистон бўйича махсус вакили ва БМТнинг Афғонистонга ёрдам кўрсатиш миссияси раҳбари бўлиб фаолият юритмоқда. «Юксалиш» Роза Отунбоеванинг ушбу рўйхатга киритилгани бўйича пайдо бўладиган эътирозларга аввалдан жавоб бергандек, уни қуйидагича алқаган:

“Роза Отунбоева Марказий Осиёдаги биринчи аёл президент. Бугунда Қирғиз Республикаси ривожига кўп томонлама ҳисса қўшаётган “Роза Отунбоева ташаббуси” жамоат фонди асосчиси. У етакчилик, дипломатия, фаол фуқаролик ва халқаро ҳамкорлик соҳаларида 35 йилдан ортиқ касбий тажрибага эга. Фуқаролик жамияти, давлат ва хусусий секторлар ҳаётини яхшилашга қўшган ҳиссаси учун Қувайт мукофоти билан тақдирланган”.


Гарчи Марказий Осиё халқлари орасида қозоқ, қирғиз, тожик, турман ва ўзбек тилларидаги қўшиқлари ва гастроль концертлари сони ва машҳурлиги билан Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова етакчилик қилсада, рўйхатга негадир Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархон киритилган. Назархоннинг эса ўзбек ва рус тилларидан бошқа тилларда қўшиқ куйлагани маълум эмас. Рўйхатда Назархондан бошқа санъат вакилалари келтирилмаган.

Рейтингдан яна бир жойни Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмоннинг иккинчи қизи – Президентнинг ижроия аппарати раҳбари Озода Раҳмон ҳам банд этган.

“Юксалиш” изоҳига кўра, Озода Раҳмон Тожикистон ҳукуматида юқори лавозимлардаги фаолиятидан ташқари, ўзининг хайрия ишлари, мамлакатда аёллар ҳуқуқлари ва таълим соҳасидаги ислоҳотларга таъсир кўрсатиши билан танилган. Аммо Озода Раҳмон Тожикистондаги энг йирик банклардан бири – “Спитамен Банк” ва мамлакатдаги пиво заводларидан бирининг яширинча эгаси эканлиги даво қилиниб, кўплаб танқидларга учраган.

Шу билан бирга, рейтингдан Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари Светлана Ортиқова, Президент Администрацияси департаменти раҳбари ўринбоасари Гаяне Умерова, Стратегик ислоҳотлар агентлиги ҳузуридаги Деливерй Унит лойиҳа офиси раҳбари Азиза Умарова, Миллий масс медиа жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Нозима Давлатова ҳам жой олган.

Бундан ташқари, ҳаракат эълон қилган ушбу рейтингга жорий йил Ўзбекистонда бўлиб ўтган президентликда сайловида ўз номзодини “Адолат” социал-демократик партиясидан қўйган Робахон Маҳмудова ҳам киритилган. Хўп, Робахон Маҳмудовани сайловдан кейин анча одам таниди, билди дейлик аммо ушбу рейтингга киритилган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Зуҳра Иброҳимова ҳамда Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамовани ҳамма ҳам танийдими? Улар бу рўйхатдан жой олишга қанчалик лойиқ эди? “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати балки кейинги сафар тузган рўйхатида бу каби саволларга жавоб бериб, одамларда шубҳа қолдирмайди.

Яна бир жиҳати ушбу рейтинг эълон қилинганидан сўнг тармоқ фаоллари томонидан бир қанча эътирозлар билдирилди. Яъни кўпчиликнинг фикрича, мазкур рўйхатга спорт соҳаси вакилалари ҳам киритилиши керак эди. Жумладан, Олимпиада ўйинларида энг кўп қатнашган спортчи сифатида “Гиннеснинг рекордлар китоби”га киритилган ўзбекистонлик афсона Оксана Чусовитина рейтингдан жой олишга сўзсиз ҳақли эди.

Умуман олганда, бу рўйхатга киритилишига ҳақли бўлган аёллар кўп. Масалан, улардан бири олима, 10 йилдан ошиқ Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили бўлиб ишлаган Сайёра Рашидовадир. Сайёра Рашидова йиллар давомида кимё ва ҳуқуқ соҳасига ўз ҳиссасини қўшган бўлиб, у бир қанча китоб ҳамда илмий ишлар муаллифидир. Шунингдек, у “Дўстлик” ва “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан ҳам тақдирланган.

Хўш, ушбу рейтингга киритилган аёлларни сиз ҳам танийсизми? Улар бу рўйхатдан жой олишга қанчалик лойиқ?


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг