Мирзиёев ёш футболчилар билан учрашди
Спорт
−
02 Август 2023
6576Бугун, 2 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида барпо этилаётган Футбол бўйича миллий терма жамоалар марказини бориб кўрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Бу марказ Халқаро футбол федерациялари ассоциацияси (ФИФА) билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда. Ҳозирда 8 минг ўринли стадион қурилган. Яна 7 та машғулот майдони, пляж футболи майдони, футзал манежи, бассейн, реабилитация мажмуаси ва ётоқхоналар қурилиши режалаштирилган.
Соҳа мутасаддилари билан суҳбатда ўзбек футболига хориждан малакали техник директор олиб келиш, футбол тузилмасини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган. Қорақалпоғистон, Қашқадарё, Жиззах, Наманган ва Тошкентда минтақавий базалар ташкил қилиш, мураббийлар мактабини такомиллаштириш бўйича топшириқлар берилган.
Президент ёшлар орасида футболни янада оммалаштириш, уларга шароит яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратган.
“Ўзбекистонда футбол энг севимли спорт тури. Ҳар ўнта одамдан тўққизтаси унинг мухлиси деса бўлади. Бу оммавийликдан фойдаланиб, футболни тубдан ривожлантириш керак. Масалан, юртимизда 10 мингта мактаб бор, 208 та туман-шаҳар бор. Хўш, мактаб, маҳалла, жамоаларда футбол қандай бўлади? Иккинчидан, футболга меҳр қўйган болалар ўз йўлини топиши учун нима қилишимиз керак? Учинчидан, ёшлар футболдан кетгандан кейин нима билан шуғулланади, уларга қўшимча касб-ҳунар беришни ҳам ўйлаш зарур”, деган Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари ёш футболчилар билан ҳам суҳбатлашган.
“Халқимизнинг спортга меҳри кучли. Айниқса, футбол “оилавий дўстимиз”. Миллий терма жамоамиз ўйинларини ҳаммамиз ғурур, фахр, ҳаяжон билан кузатамиз. Сизлар оилада ота-онангизнинг фарзанди бўлганингиз билан майдонда халқимизнинг фарзандисизлар. Ана шуни доим ёдда тутинг. Футболчилар дунё кезади, чет эл жамоаларида ўйнайди. Улар Ўзбекистон тарихини, шароитларини яхши билиши керак. Улар бизнинг элчиларимиз, болаларга намуна” деган Президент.
Шунингдек, учрашувда футбол тиббиёти ва реабилитациясини жаҳон ютуқлари асосида ривожлантириш масалалари ҳам кўрсатиб ўтилган.