Мирзиёев ва Макрон Биринчи хонимлар билан Луврда Ўзбекистонга бағишланган кўргазмани очиб берди
Жамият
−
22 Ноябрь 2022
8955Бугун, 22 ноябрь куни Елисей саройида ўтган олий даражадаги музокаралардан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макрон рафиқалари билан Париждаги Лувр музейида бўлдилар.
Лувр дунёдаги энг катта ва энг кўп ташриф қилинадиган музейлардан бири бўлиб, энг йирик ва қимматли бадиий асарлар тўпламига эга. Ҳар йили бу ерга 10 миллионга яқин сайёҳ келади.
Ўзбек халқининг бой маданий меросига бағишланган “Ўзбекистон воҳаларининг мўъжизалари. Карвон йўллари чорраҳасида” кўргазмаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йилнинг октябрь ойида Францияга амалга оширилган ташрифи давомида эришилган келишувларга мувофиқ ташкил этилди. Шавкат Мирзиёев ўшанда Ўзбекистон ва Франция музейлари ҳамкорлигида кўргазмалар ташкил этиш, икки мамлакат ўртасида илмий ва маданий алоқаларни кенгайтириш зарурлигини қайд этган эди. Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ва Лувр музейи ўртасида тегишли меморандум имзоланди.
Кейинги уч йил давомида кўргазмаларга пухта тайёргарлик кўрилди. Бир нечта Ўзбекистон ва Франциянинг биргаликдаги экспедициялари уюштирилиб, кўплаб археологик топилмалар кашф қилинди. Бундан ташқари, Лувр реставрациячилари ва Ўзбекистон мутахассислари бир нечта босқичдан иборат кенг кўламли тиклаш тадбирларини амалга оширди.
Бу ишлар натижасида Луврнинг Ришелье зали ва Ислом бўлимида хронологик кетма-кетликда жойлаштирилган бешта бўлимдан иборат катта кўргазма макони яратилди. Булар - “Воҳа давлатлари ва подшоҳликлари даври: Ипак йўлидаги маданиятларнинг мулоқоти”, “Ўрта асрлар ва санъатнинг гуллаб-яшнаши”, “Марказий Осиёда исломнинг тарқалиши, маданият ва фанда Уйғониш даври”, “Ибн Синодан Чингизхонгача”, “Буюк империялар даври: Темурийлар ва Шайбонийлар”.
Ўзбекистон тарихининг 1500 йилдан ортиқ даврини қамраб олган кўргазма мамлакатнинг 16 музейидан 138 та ноёб ашё, шу жумладан кўргазма учун махсус реставрация қилинган 70 та экспонатдан иборат. Шунингдек, Франция, Буюк Британия ва АҚШнинг йирик музейларидан келтирилган 31 та буюм кўргазмадан жой олди.
Кўргазманинг илк меҳмонлари бўлган Ўзбекистон ва Франция етакчилари Далварзинтепа ва Холчаён ёдгорликларидан топилган экспонатлар, Варахшадаги қизил рангли хонадан деворий сурат, Кофирқалъадан ўймакор панно, Катта Лангар Қуръони саҳифалари, Амир Темур мақбарасидан қўш эшик, Афросиёбдаги элчилар тасвири туширилган деворий сурат ва бошқа экспонатлар билан танишдилар. Уларнинг яратилиши ва топилиши, улар билан боғлиқ тарихий даврлар ва шахслар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Давлат раҳбарлари кўргазма юксак даражада ташкил этилгани ва унда ўзига хос муҳит яратилганини таъкидлаб, икки мамлакатнинг маданий ҳаётида муҳим ўрин тутувчи ушбу тадбирни тайёрлашга ҳисса қўшганларга миннатдорлик билдирдилар.
Луврдаги кўргазма нафақат Ўзбекистон ва Франция халқлари, балки бутун Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги азалий тарихий алоқаларни, дўстлик ва ўзаро англашувни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.
Кўргазма 2023 йил 6 март кунига қадар давом этади.
LiveБарчаси