Мирзиёев Ўзбекистонга 2 млрд доллар тикаётган компания раҳбарини қабул қилди
Жамият
−
09 Март 2020
12245Бугун, 9 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркиянинг етакчи инжиниринг ва қурилиш компанияси – “Ренессанс Холдинг” президенти Эрман Илижак бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Ушбу учрашув ўтган ой Анқарада ўтган олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия музокараларининг мантиқий давоми бўлди.
Бугунги кунда “Ренессанс Холдинг” компанияси Ўзбекистонда умумий қиймати 2 миллиард доллардан зиёд бўлган йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда фаол иштирок этмоқда.
Хусусан, Тошкент вилоятининг етакчи металлургия корхоналари негизида замонавий объектлар – лойиҳавий қуввати йилига 60 миллион тонна бўлган мис бойитиш фабрикаси ва қуввати 1 миллион тоннагача бўлган металл прокати ишлаб чиқариш мажмуасини барпо этиш лойиҳалари тайёрланмоқда.
Учрашувда ушбу лойиҳалар доирасидаги амалий ишларни жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Туркия компаниясининг дастлабки босқичда Тошкент шаҳрида, кейинги босқичларда Самарқанд ва Фарғона шаҳарларида илғор халқаро тажриба ҳамда технологияларни жалб қилган ҳолда кўп тармоқли шифохоналар ташкил этиш борасидаги лойиҳавий таклифлари тақдимоти ўтказилди.
Мазкур лойиҳалар давлат-хусусий шериклиги асосида амалга оширилади, шунингдек, туркиялик шериклар шифохоналарни бошқариш ва юқори малакали тиббиёт мутахассисларини тайёрлашда иштирок этади.
Бундан ташқари, муҳим ижтимоий объектларни реконструкция қилишда, инжиниринг, лойиҳалаштириш ва қурилиш соҳаларида ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди.
LiveБарчаси