Мирзиёев Садир Жапаровни табриклади
Жамият
−
11 Январь 2021
9135Бугун, 11 январь куни, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғиз Республикасининг сайланган Президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Суҳбат аввалида Шавкат Мирзиёев Садир Жапаровни бўлиб ўтган Президент сайловидаги ишончли ғалабаси ҳамда Қирғизистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича референдумнинг муваффақиятли ўтказилгани билан чин дилдан табриклаган.
Ушбу ғоятда муҳим сиёсий тадбирларнинг якунлари мамлакат барқарорлиги ва изчил тараққиётини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш учун мустаҳкам замин яратишига ишонч билдирилган.
Ўз навбатида, Садир Жапаров Ўзбекистон Президенти ва кўп миллатли халқига замонавий хатарларни енгиб ўтишда ва коронавирус пандемияси оқибатларига қарши курашишда қардош Қирғизистонга кўрсатилаётган кўмак учун миннатдорлик билдирган.
Телефон мулоқоти чоғида икки томонлама муносабатлар ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.
Жорий йил Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, ишонч ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, уларни сифат жиҳатидан янги мазмун билан бойитиш даври бўлиши лозимлиги қайд этилган.
Ўзбекистон-Қирғизистон кўп қиррали ҳамкорлигини ривожлантириш борасида аввал эришилган келишувларни амалга ошириш муҳим экани алоҳида таъкидланган.
Булар, аввало, Давлат чегараларини делимитация қилиш борасидаги қўшма ишларнинг натижадорлигини ошириш, товар айирбошлашни кўпайтириш, саноат, энергетика ва қишлоқ хўжалигида кооперацияни кучайтириш, ҳудудлараро алоқалар ва гуманитар алмашинувни кенгайтириш, самарали транспорт коммуникацияларини ривожлантириш бўйича минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари ва бошқа жиҳатлар.
Ҳукуматлараро комиссиялар ишини фаоллаштириш, шунингдек, ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари бўйича қатор тадбирлар ўтказишга келишиб олинган.
Халқаро ташкилотлар ва минтақавий тузилмалар доирасида аниқ ва конструктив мулоқотни давом эттириш ва ўзаро қўллаб-қувватлашдан икки томон ҳам манфаатдор экани таъкидланган.
LiveБарчаси