Мирзиёев Мирзо Улуғбек туманидаги янги IT-парк қурилишини кўздан кечирди

Жамият

image
0:00
0:00
download

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 11 декабрь куни Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркини бориб кўрди.

Давлат раҳбари мазкур замонавий мажмуа қурилишига 2019 йил 20 ноябрда тамал тоши қўйган эди. Бу галги ташрифда бунёдкорлик ишларининг бориши кўздан кечирилди.

Бугунги кунда 20-25 қаватли 6 та офис биноси қад кўтарган. Конференция зали қурилиши якуний босқичга кирган.

Бу ерда жами 17 та иморат барпо этилади. Улар 9 баллдан юқори зилзилага чидамли бўлади.

Технологик паркда IT-ташкилотлар, университет, конференция зали, коворкинг маркази ўзаро узвий фаолият олиб боради. Мажмуа ҳудудида хизмат уйлари, меҳмонхона, кафе ва ресторанлар, дўконлар, спорт майдони, дам олиш жойлари ҳам бўлади. Ер остида 3 қаватли автотураргоҳ қурилади.

Президентга ушбу объектларда бўладиган шароитлар, соҳадаги натижалар ҳақида маълумот берилди.

Замонавий шароитлар яратилиб, етук мутахассислар тайёрланаётгани самарасида сўнгги беш йилда ахборот технологиялари соҳасида экспорт ҳажми 50 баробардан зиёд ўсгани қайд этилди.

“Ҳозирги замонда хизматларнинг катта қисми ахборот технологиялари орқали кўрсатилаяпти. Бошқа соҳаларнинг ҳам самарадорлиги шунга боғлиқ. Шунинг учун бу ердаги шароитларни кенгайтириб, замонавий IT-хабга айлантириш керак”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги қуйи ташкилотларни шу ерга кўчириб, банк ва IT-компанияларни жалб этиб, технопаркни яхлит комплекс тарзида ривожлантириш, соҳа вакиллари учун қулай муҳит яратиш бўйича кўрсатмалар берилган. 

Давлат раҳбари шу ерда IT соҳасида фаолият юритаётган мутахассислар ва тадбиркорлар билан суҳбатлашди, шунингдек, Мирзо Улуғбек туманидаги маҳаллалар раислари ҳамда туман ҳокимининг маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари билан мулоқот қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

106

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг