Мирзиёев Хорижий инвесторлар кенгашининг ялпи мажлисида қатнашди

Жамият

image

Бугун, 3 май куни Кўксарой қароргоҳида Шавкат Мирзиёев раислигида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг иккинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Мажлисда Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти  Одиль Рено-Бассо, “Masdar”, “Indorama”, “ACWA Power”, “Air Products”, “Çalik”, “Suez”, “Orascom”, “Çengiz”, “Aksa”, “HP“, “Linde”, “Procter&Gamble”, “Visa”, “CAMCE”, “John Deere”, “Huawei”, “Airbus”, “Orano”, “Сommerzbank”, “Total”, “PASHA Holding” каби етакчи компания ва банклар раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ва молиявий институтлар – Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки ва Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси вакиллари иштирок этди.

Кенгашнинг асосий вазифалари муваффақиятли тажриба ва халқаро амалиётдан келиб чиқиб, Ўзбекистонни инвестициявий, савдо-технологик ва инновациявий ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишлари бўйича маслаҳат бериш ҳамда Ўзбекистон ҳукумати ва хорижий инвесторлар ўртасида очиқ мулоқотни таъминлашдан иборат. Таъкидланишича, 2022 йилда бўлиб ўтган биринчи сессияда ушбу механизмнинг самарали фаолият юритиши учун пойдевор яратилган.

Президент мажлисни очиш аввалида куни кеча ўтган учинчи Тошкент инвестиция форумининг самарали натижаларини қайд этган ҳамда кенгаш аъзоларига Янги Ўзбекистон тараққиётини қўллаб-қувватлашга қўшаётган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирган. 

Шунингдек, бугунги кунда жаҳон иқтисодиётида беқарорлик тобора кучайиб, энергетика, озиқ-овқат соҳалари ва экологик тизимда инқирозлар ўткир тус олаётгани таъкидланди.

“Бундай мураккаб шароитда сизлар билан бамаслаҳат, ўзаро кенгашиб, аниқ амалий қадамлар ташласак, кўзлаган юксак марраларимизга албатта эришамиз”, дейди Мирзиёев.

Мамлакатда қулай инвестиция ва бизнес муҳитини такомиллаштиришга қаратилган инвестициялар ва махсус эркин зоналар тўғрисидаги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишга ҳисса қўшган ишчи гуруҳи фаолияти қайд этилди.

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти жамоаси томонидан бошланаётган инвестиция сиёсати таҳлили жуда муҳимлиги, ушбу лойиҳа мамлакатимиздаги инвестиция муҳитини янада яхшилаш борасида асосий йўналишларни белгилаб олишга ва самарали механизмларни яратишга хизмат қилиши таъкидланди.

Ҳукумат ҳамда инвесторлар ўртасида очиқ ва самарали мулоқотнинг йўлга қўйилгани барқарор иқтисодий тараққиётнинг асосий калити эканини қайд этилиб, қуйидаги йўналишлар бўйича ишчи гуруҳларни ташкил этиш таклиф қилинди: 

  • Биринчидан, капитал бозорини ривожлантириш. Бу йўналишда хорижий инвесторларнинг талабларига тўла жавоб берадиган халқаро молия марказини ривожлантириш учун ички ва ташқи капитални кенг жалб этишга эътибор қаратиш таклиф қилинди;
  • Иккинчидан, масъулиятли бизнес юритиш. Бу борада иқтисодиёт барқарорлиги, шаффофлиги ва очиқлигини таъминлашга қаратилган Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг тегишли тамойилларини кенг жорий этиш долзарб вазифадир;
  • Учинчидан, муқобил инвестицияларни рағбатлантириш. Бунда стартап, инновацион лойиҳалар, биргаликдаги сармояларни кўпайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида “Венчур инвестициялар тўғрисида”ги янги қонун ишлаб чиқилади;
  • Тўртинчидан, инвесторлар билан ишлаш тизимини рақамлаштириш.

“Хорижий инвесторлар билан давлат органлари ўртасидаги барча хизматларни амалга ошириш учун мукаммал электрон платформани ишлаб чиқиш ва амалиётга кенг жорий этиш вақти келди, деб ўйлайман. Бу инвесторларни қийнаётган комплекс муаммоларни ўз вақтида ва тизимли ҳал этишга имкон беради”, дейди давлат раҳбари.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Хорижий инвесторлар кенгаши

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг