Мирзиёев Халқаро тинчлик мукофоти лауреати бўлди

Олам

image

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Лев Толстой номидаги иккинчи Халқаро тинчлик мукофоти лауреати бўлди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

Қайд этилишича, Мирзиёевдан ташқари Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон ҳам иккинчи Халқаро тинчлик мукофоти лауреатлари деб эълон қилинган. Бу қарор овоз бериш натижасига кўра қабул қилинган. Ғолибларни эълон қилиш маросими Москвада кеча, 9 сентябрда – буюк ёзувчи ва файласуф Лев Толстой таваллуд топган кунда бўлиб ўтган. 

“Лев Толстой номидаги Халқаро Тинчлик мукофоти ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, 2025 йилда мукофот лауреатлари сифатида Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев эълон қилинди. Қарор бир овоздан қабул қилинди”, деган ҳакамлар ҳайъати раиси, Мариинский театрининг бадиий раҳбари ва бош директори Валерий Гергиев.

Мукофот ташкилий қўмитасининг билдиришича, уч давлат раҳбарлари Марказий Осиёда тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссалари учун тақдирланган. Улар 31 март куни Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартномани имзолашганини эслатган. Бу билан уч мамлакат ўз умумий чегараларининг ҳуқуқий расмийлаштирилишини якунлаган ва шу орқали халқаро ҳуқуқ устуворлиги асосида умумий ва тенг хавфсизликни таъминлаш, халқлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга муҳим ҳисса қўшган. 

Халқаро ҳакамлар ҳайъати таркибига Гергиев бошчилигида Аргентина, Беларусь, Ҳиндистон, Хитой, Россия, Франция, Жанубий Африка ва Япониядан таниқли сиёсий ва жамоат арбоблари кирган.

Маълумот учун, Лев Толстой номидаги иккинчи Халқаро тинчлик мукофоти – бу нисбатан янги мукофот бўлиб, 2022 йил 22 июнда таъсис этилган. Уни Россия Тарихий жамияти, Россия Ҳарбий-тарихий жамияти ва Россия Тинчлик жамғармаси биргаликда яратган. Мукофотнинг асосий мақсади – урушларнинг олдини олиш, барқарор ва кўп қутбли дунё қуриш, зўравонликсиз тинчликни тарғиб этиш ҳамда фаол тинчликпарварлик фаолиятини рағбатлантиришдир.

Ҳар йили бу мукофот тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга сезиларли ҳисса қўшган давлат раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ёки жамоат арбобларига топширилади. Масалан, 2024 йилда биринчи мукофот Африканинг қитъа миқёсидаги ташкилоти – Африка Иттифоқига берилган. 2025 йилда эса Марказий Осиё давлатлари – Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарлари бу мукофотга сазовор бўлди. Ҳар йили ғолиблар 9 сентябрь куни, яъни буюк рус ёзувчиси Лев Николаевич Толстой туғилган кунда эълон қилинади.

Толстойнинг номи бу мукофотга бежиз қўйилмаган. Толстой асарларида тинчлик ва инсонпарварлик ғояларини тарғиб қилган. Масалан, “Уруш ва тинчлик” романида у уруш фожиалари, инсонларнинг азобини чуқур тасвирлаб, тинч ҳаёт қадрига урғу берган. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 31 март куни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Хўжанддаги учрашувда Давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартномани имзолаганди. Чегаралар туташган жой Фарғона водийсида жойлашган бўлиб, Сўғд (Тожикистон), Фарғона (Ўзбекистон) ва Боткен вилоятларини (Қирғизистон) боғлайди. Кейинчалик, ушбу шартнома Садир Жапаров томонидан ратификация қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Имомали Раҳмон Садир Жапаров Лев Толстой номидаги Халқаро тинчлик мукофоти Уруш ва тинчлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг