Мирзиёев JICA президентини қабул қилди
Жамият
−
21 Январь
2219Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 21 январь куни Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) президенти Акихико Танака бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, учрашувда ушбу етакчи хорижий молия институти билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва қўшма ташаббусларни илгари суриш масалалари кўриб чиқилган.
"Мамлакатимиз етакчиси JICA раҳбарининг бу галги ташрифи иқтисодий ва молиявий-техник соҳалардаги ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб беришини мамнуният билан қайд этди. Агентликнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш борасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашда стратегик ҳамкор сифатидаги ўрни қайд этилди", дейилади хабарда.
Қайд этилишича, бугунги кунда энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа йўналишлардаги қўшма лойиҳалар портфели 8 миллиард доллардан зиёдни ташкил этмоқда. Ўтган йили эса ҳамкорлик бўйича уч йиллик дастур қабул қилинган.
Шунингдек, Ўзбекистон-Япония инсон ресурсларини ривожлантириш маркази ва Ёшлар инновация маркази самарали фаолият юритмоқда. Агентлик орқали 2,5 мингдан ортиқ ўзбекистонлик мутахассис Японияда ўқиди ва амалиёт ўтади. Ушбу мамлакатдан келган кўнгиллилар Ўзбекистонда муҳим ижтимоий ва гуманитар лойиҳаларни амалга оширишга ҳисса қўшмоқда.
Бундан ташқари, куни кеча Тошкент шаҳрида Республика ихтисослаштирилган неврология ва инсульт илмий-амалий тиббиёт марказини қуриш ва жиҳозлаш тўғрисида битим имзоланди.
Ўзбекистон Президенти JICA'нинг мамлакатдаги фаолиятини кенгайтириш борасидаги режаларини қўллаб-қувватлади. Хусусий сектор лойиҳаларини амалга ошириш, япониялик инвесторлар учун махсус иқтисодий зона ташкил этиш, Япония университетини очиш, шунингдек, профессионал таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш муҳимлиги қайд этилди.
"Йўл харитаси" асосида жорий ва истиқболли лойиҳаларни илгари суришнинг янги механизмларини татбиқ этишга келишиб олинди.
LiveБарчаси