Мирзиёев Эдвард Ртвеладзенинг яқинларига таъзия билдирди

Жамият

image

Аввалроқ, атоқли археолог олим, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги  Эдвард Васильевич Ртвеладзе 80 ёшида вафот этгани ҳақида хабар берган эдик. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Сенат раиси Танзила Норбоева, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси раиси Нурдинжон Исмоилов, Бош вазир Абдулла Арипов ва Фанлар академияси раиси Беҳзод Йўлдошев марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди. Унда шундай дейилади: 

“Тарих, археология ва санъатшунослик соҳасидаги таниқли олим, Ўзбекистон Фанлар  академиясининг академиги Эдвард Васильевич Ртвеладзе 79 ёшида вафот этди.

Э.Ртвеладзе 1942 йил 14 майда Грузия Республикасининг Боржоми шаҳрида туғилди. 1967 йили Тошкент давлат университетини тугатиб, Санъатшунослик институтида лаборант лавозимида меҳнат фаолиятини бошлади. 1975 йилда номзодлик, 1989 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1995 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.

Истеъдодли олим ўзининг қарийб 60 йиллик илмий фаолияти давомида Санъатшунослик институтининг кичик илмий ходими, катта илмий ходими, бўлим мудири ҳамда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти илмий кенгашининг раиси лавозимларида самарали фаолият кўрсатиб, мамлакатимизда илм-фан ривожига муносиб ҳисса қўшди.

Заҳматкаш олимнинг Ўрта Осиёнинг қадимий ва ўрта асрлар тарихи, археологияси, нумизматика ва эпиграфикаси, санъати ва маданияти тарихига бағишланган юзлаб мақола ва тадқиқотлари, монография ва рисолалари юртимиз ҳамда дунё олимлари ва мутахассисларига яхши маълум.  

Жонкуяр устоз сифатида кўплаб ёшларга илм-фан сирларидан сабоқ берган фидойи олимнинг бевосита раҳбарлигида ўнлаб фан номзодлари ва фан докторлари тайёрланган. 

Э.В.Ртвеладзе мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётида ҳам фаол иштирок этиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси сифатида самарали фаолият олиб борди.

Академик Э.Ртвеладзенинг мамлакатимиз илм-фанини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У Ўзбекистон Республикасининг Давлат мукофоти, “Буюк хизматлари учун”, “Меҳнат шуҳрати” ва “Эл-юрт ҳурмати” орденларига сазовор бўлган эди.

Атоқли олим, меҳрибон устоз, камтарин ва самимий инсон Эдвард Ртвеладзенинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади”.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

78

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг