Мирзиёев Бухоро фаоллари билан ўтган йилги табиий офатни ёдга олди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олот тумани марказида Олот, Қоракўл, Жондор ва Шофиркор туманлари фаоллари, маҳалла раислари билан учрашди. Ўтган йили содир бўлган табиий офат ёдга олинди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.

“2020 йил Ватанимиз учун, шу жумладан, Бухоро вилояти учун жуда катта синовлар йили бўлди. Бу ерда юз берган табиий офат иқтисодиётга, инфратузилмага, одамлар 30-40 йиллаб қурган уйларига катта талафот етказди. Биз халқимизнинг сабр-тоқати, бирдамлиги, ҳамжиҳатлиги билан бу балолардан қудратли бўлиб чиқамиз, деб ният қилгандик, мана, шу натижаларга эришдик”, дейди Президент.

Учрашувда ҳеч бир оила эътиборсиз қолдирилмагани таъкидланган. Хусусан, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида Олот, Қоракўл ва Жондордаги эҳтиёжманд оилаларга қарийб 14 миллиард сўм моддий ёрдам кўрсатилган.

Аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилиши, бунинг учун қуйи тизимдаги раҳбарлар уйғониши, жон куйдириши кераклиги айтилган.

“Бугун бу ерга келишимдан мақсад – халқимизни кўпроқ эшитиш, эртанги марраларни белгилашда тўғри йўл тутиш. Туман ҳокимлари ва маҳалла раислари ўзларини қийнаётган муаммоларни очиқ-ойдин айтиб, уларнинг ечими бўйича таклифларини билдирса, ниятимиз амалга ошади”, дейди давлат раҳбари.

Ҳудудларни ривожлантириш дастури ҳамда камбағалликни қисқартириш режалари маҳаллабай тизим асосида ишлаб чиқилиши таъкидланган.

“Маҳалла раиси қачон обрўли бўлади? Халқ дардини раҳбарларга лўнда қилиб қўйса. Ҳамма масала аввало маҳаллада ҳал бўлсагина одамлар рози бўлади”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Хабарга кўра, бу йил ёшлар ва оилавий тадбиркорлик лойиҳалари учун Қоракўл туманига 36 миллиард сўм, Олот туманига 21 миллиард, Жондор туманига 49 миллиард сўм маблағ ажратилади. Қоракўл касб-ҳунарга ўқитиш марказида 980 нафар ишсиз ва чет элда ишлаш истаги бўлган фуқаролар турли касбларга ўқитилади.

2021–2022 йилларда Олотда 42 та, Қоракўлда 56 та, Жондорда 67 та лойиҳа амалга оширилиб, 3 мингта доимий иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Олотда лойиҳа қиймати 20 миллион доллар бўлган логистика маркази, Қоракўлда олтингугуртни қайта ишлаш корхонаси, Жондорда керамик плиталар ишлаб чиқариш объекти ишга туширилади. Кичик саноат зоналари ташкил этилади.

Қишлоқ хўжалигида ҳам фойдаланилмаган имкониятлар бор. Жорий йилда 18 километр мелиорация тармоқлари қурилиб, Жанубий Олот хўжаликлараро коллектори реконструкция қилинади. Натижада фойдаланишдан чиққан ерлар қайта ўзлаштирилиб, бозорбоп маҳсулотлар етиштирилади.

Президент ижтимоий соҳаларни ривожлантириш масалаларига алоҳида тўхталган. Хусусан, Олот туманида кинотеатр ва кутубхонани ўз ичига олган Маънавият ва маданият маркази қурилиши қайд этилган. Шунингдек, мактаб, болалар боғчаси, тиббиёт муассасалари, ижтимоий хизмат объектлари барпо этилади.

Бу йил Қоракўлдаги Халқаро математика мактаби реконструкция қилиниб, 200 ўринли ётоқхона қурилиши таъкидланган. Бу даргоҳнинг иқтидорли ёшлари IT соҳасига жалб қилинади.

Жаҳон банки иштирокидаги Олот ва Қоракўл туманлари ичимлик сув таъминотини яхшилаш бўйича 139 миллион долларлик лойиҳа якунланиб, 265 минг аҳоли ичимлик суви билан таъминланади. Бу икки туманда 30 йилда ичимлик суви таъминоти 17 фоиз бўлган, жорий йилда бу кўрсаткич 90 фоизга етади.

Давлат раҳбари учрашувда маҳаллий аҳолининг мурожаатларини инобатга олиб, Олот-Тошкент темир йўл қатнови қайта тикланишини маълум қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

89

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг