Мирзиёев Амир Темур қурдирган масжидга борди (фоторепортаж)
Жамият
−
11 Октябрь 2021
14104Бугун, 11 октябрь куни Қашқадарёга ташриф буюрган Шавкат Мирзиёев вилоят қатағон қурбонлари хотираси музейини бориб кўрди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 октябрдаги фармойишига мувофиқ, қатағон қурбонларининг хотирасини абадийлаштириш ва меросини ўрганиш бўйича кўп ишлар қилинмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда қатағон қурбонлари музейи ташкил этилди.
Қашқадарёдаги музей Одина масжидида жойлаштирилган. Бу чуқур маънога эга. Чунки у тарихий бино.
Одина масжиди 1386 йилда Соҳибқирон Амир Темур томонидан бунёд этилган. 1868 йили Чор Россияси босқини даврида масжиднинг айвон қисми тўпга тутилиб, вайрон қилинган. Мустабид тузум даврида дастлаб омборхонага, 1938 йилдан қамоқхонага айлантирилган.
“Мустабид тузум даврида халқимизнинг қадр-қиммати, инсоний шаъни ва ғурури оёқости қилинган. Шундай табаррук жойнинг қамоқхонага айлантирилгани ҳам бунга мисол. Биз бугун мамлакатимизда инсон қадрини улуғлашга алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Ўтганлар ҳурматини ҳам жойига қўйишимиз керак. Бу ерда Қатағон қурбонлари хотираси музейи ташкил этилгани – тарихий адолатнинг тикланиши”, дейди Президент.
Музей 11 та бўлимдан иборат. Уларда Туркистон ўлкасида олиб борилган мустамлакачилик сиёсати ва қатағонларни акс эттирувчи ноёб тарихий фотосуратлар, хариталар, ашёлар ва бошқа манбалар акс эттирилган.
Шунингдек, музейда ёшлар клуби ҳамда кутубхона ташкил қилинган.
Давлат раҳбари шу ерда журналистларнинг саволларига жавоб берди.
Шу билан Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифини якунлаб, Бухорога йўл олди.
LiveБарчаси